UzReport TV телеканали Испания чемпионати трансляцияси ҳуқуқини харид қилди. Чемпионат ўйинларини 13-турдан бошлаб телеканал орқали кузатиш мумкин бўлади. Бу ҳақда телеканал матбуот хизмати хабар берган.

«UzReport TV телеканали футбол мухлислари учун яна бир ажойиб хушхабарни эълон қилади.

Испания чемпионати футбол учрашувлари республикамизнинг миллионлаб футбол мухлисларининг диққат марказида туради. Дунёдаги энг кўп мухлисларга эга бўлган «Барселона» ва «Реал» каби клублар ҳам айнан Испания чемпионати — Ла Лигада иштирок этади.

Миллионлаб ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг талаб ва истакларини инобатга олиб, UzReport TV телеканали Испания чемпионати ўйинларининг Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб трансляция ҳуқуқини харид қилди.

UzReport TV телеканали Ла Лига ўйинларини Ўзбекистон ҳудудида лицензион тарзда намойиш қилувчи ягона телеканал бўлиб, футбол мухлисларимиз Ўзбекистон телевидениеси тарихида илк марта Испания чемпионати ўйинларининг лицензион трансляциясини UzReport TV телеканали орқали икки аудиойўлакчада - параллел ўзбек ва рус тилларидаги шарҳда томоша қилиш имкониятига эга бўлишди.

Тез кунларда ҳар шанба, якшанба кунлари UzReport TV телеканали Ла лиганинг қолган 25та туридан ўрин олган қизиқарли баҳсларни сиз мухлислар эътиборига “жонли” тарзда намойиш қилишни бошлайди. Айни пайтда Испания чемпионати ўйинлари трансляциясини амалга ошириш бўйича техник созлаш ишлари олиб борилмоқда.

UzReport TV телеканалида сюрпризлар мавсуми давом этади!», дейилган хабарда.