Ливия жанубидаги Сабҳа шаҳрида 4 кундан бери давом этаётган қуролли тўқнашувда камида 16 киши ҳалок бўлган, 50 киши тан жароҳати олган, деб ёзмоқда The Guardian нашри. Маҳаллий қабилалар ўртасидаги келишмовчиликка эса қўлга ўргатилган маймун сабаб бўлгани айтилмоқда.
 
Гап шундаки, Ғаддодфа қабиласидан савдо дўкони соҳибининг маймуни Сулаймон авлоди қабиласининг мактаб ўқувчиси бошидаги рўмолни олиб қочган. Бунга жавобан, Сулаймон авлоди маймунни ва дўкон эгаси оиласининг уч аъзосини ўлдирган. 

Шундан сўнг, шаҳарда танклар, миномётлар ва бошқа турдаги оғир техникалардан фойдаланган ҳолда ҳақиқий уруш бошланиб кетган. 

Ғаддодфа ва Сулаймон авлоди – минтақадаги энг обрўли ва энг кучли қуролланган қабилалар ҳисобланишади. Бундан ташқари, Сабҳа қурол-яроғлар контрабандаси марказидир. Муаммар Қоззофий ўлдирилгач, шаҳарда тез-тез шу каби тартибсизликлар юз бериб туради.