Россия президенти Владимир Путин Михаил Саакашвилининг Одессага губернатор бўлиши одессаликлар ва бутун украин халқига ҳақоратдек бўлган, деб маълум қилди Путиннинг режиссёр Оливер Стоуннинг "Украина олов ичида" фильмида берган интервьюсига иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги.  

"Бу одессаликлар ва умуман бутун украин халқига тупуришдек бўлган. Унга АҚШда ҳаттоки меҳнат визасини ҳам беришмаган. Уни ишга жойлаштиришмоқчи бўлган университетлар уни доимий ишга олишни исташмаган. Бироқ у Одесса губернатори вазифаларини бажариши мумкин эканда. Нима бу ишни қила оладиган виждонли, профессионал ва лаёқатли украиналиклар йўқмиди?", деб айтган Путин Саакашвилининг губернатор этиб тайинланиши борасида.

Саакашвили 7 ноябрда Украина ҳукуматининг коррупцияга қарши курашиш истаги йўқлиги сабабли Одесса губернатори лавозимидан кетишини маълум қилганди. Кейинроқ у янги ҳаракатга асос солаётганини маълум қилган.