Россиянинг приамурьелик мутахассислари кўмирдан олтин олишни ўрганишди, деб хабар қилмоқда РФА Узоқ шарқ бўлими. Маълум бўлишича, бир тонна кўмир ёқилгач, бир грамм тилла олиш мумкин. 

Гап шундаки, Амур илмий маркази олимлари 15 йил мобайнида ушбу ёқилғининг таркибини ўрганишган ва Ерковец кўмир ҳавзасида қазиб олинган бир тонна кўмир таркибида бир грамм олтин борлигини аниқлашган. Ҳар йили миллионлаб рубль маблағни ҳавога совурмаслик мақсадида, қимматбаҳо металлни чиқиндилардан ажратиб олиш усулини топиш лозим эди. 

Олимлар иссиқлик электрстанциялари мўриларига ўрнатилган фильтрларга зарарли чиқиндилар сингари фойдалилари ҳам ўрнашиб қолишини аниқлашди. Бу чиқиндилардан олтинни ажратиб олиш тизими кўринишидан бир нечта қувурларга эга печкага ўхшайди. У кўмир ёнишидан чиққан тутунни юз марта тозалаш имконини беради. 

Дастлаб, аралашмалар сувда ювилиб, лойқа махсус фильтрдан ўтказилади. Сўнгра, олтинга эга концентрат аффинажга юборилади. 

Тизим бир тонна кўмир чиқиндисидан 0,5 грамм тилла олишга имкон берган тақдирда ҳам қўшимча 1500 рубль даромад кўриш мумкин, деб ҳисоблайди «Комплексные инновационные технологии Амурского научного центра» МЧЖ бош директори Олег Агеев. 

Лойиҳани амалга оширишга бел боғлаган олимлар Сколковода саноат қурилмасини жойлаштириш учун 1,5 млн рубллик грант маблағи олишни режалаштиришмоқда.