Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози ўнг марказчилар праймеризида мағлубиятини тан олди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.  

"Мен Франсуа Фийон ва Ален Жюппени 2-турга чиққани билан табриклайман. Бу ўнг французлар фахрланиши мумкин бўлган муносиб одамлардир", деб айтган Саркози.

10 минг 229 та сайлов участкасидан 8 минг 400 тасида овозлар ҳисоб-китоб қилингандан кейин, Саркози 22,1 фоиз овоз тўплаган ва бу унга 2-турга ўтишга имкон бермаган. Унинг рақиблари – Франциянинг собиқ бош вазирлари Франсуа Фийон 44 фоиз овоз, Ален Жюппе эса 28,1 фоиз овоз тўплаган.

Саркози икки ғолиб ҳам муносиб номзод эканини ва Жюппени жуда ҳурмат қилишини айтган.

"Бироқ Франсуа Фийоннинг сиёсий қарашлари менга яқинроқ. Менга овоз берган сайловчилар эркин танловни амалга оширишга ҳақлилар. Бироқ аниқ ва рост гапириш менинг бурчимдир: қандай зиддиятлар бўлмасин, Франсуа Фийон, фикримча, Франция олдидаги турган чақириқларни яхшироқ англайди", деб қўшимча қилган Саркози.