“Бизнинг бош мақсадимиз – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан бошлаб берилган демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш ва чуқурлаштириш, тинчлик-осойишталик ва барқарорликни таъминлаш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратишдан иборат” дейилади номзодимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сайловолди дастурида.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 6 баробар ўсди, унинг таркибида саноатнинг улуши 14 фоиздан 34 фоизга етди, жаҳон миқёсидаги глобал молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётганига қарамасдан, ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш суръатлари охирги 11 йил давомида камдан-кам давлатлар қаторида 8 фоиздан кам бўлмасдан келмоқда. 

Мамлакатимиз учун мутлақо янги, юқори технологияларга асосланган саноат тармоқлари, хусусан, нефть-кимё, кимё, автомобилсозлик саноати, қишлоқ хўжалиги ва темир йўл машинасозлиги, фармацевтика, электротехника, тўқимачилик саноати, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалар изчил ривожланмоқда. Бугун Ўзбекистон минтақамиздаги саноати энг тез ривожланаётган, нафақат ички, балки ташқи бозорларни ҳам сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга қодир бўлган мамлакатга айланди. 

Биргина мисол. Мустақиллик йилларида “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти корхоналари томонидан қиймати 31 триллион сўмдан зиёд саноат маҳсулотлари, 13 триллион сўмдан ортиқ халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқарилди. Корхоналар пахта калава ва газлама, тўқимачилик матолари, тайёр кийимлар ишлаб чиқариш билан биргаликда тиббиёт учун мўлжалланган маҳсулотлар ва махсус кийимлар тайёрлашни ҳам ўзлаштирди. 

Соҳада ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми ҳам мамлакатимиз енгил саноатининг юксак салоҳиятга эга эканидан далолат беради. 1995 йилдан буён ушбу соҳага қиймати 2 млрд. доллардан ортиқ чет эл инвестицияси жалб этилди. Сўнгги йилларда Германия, Швейцария, Италия, Жанубий Корея, Япония, Туркия, АҚШ, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар сармоядорлари иштирокида 200 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Кенг турдаги тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконини берадиган замонавий корхоналар ишга туширилди. 

Истиқлолимизнинг илк йилларида қиймати 7 млн. долларлик тўқимачилик ва трикотаж маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, 2015 йилда экспортга 1 млрд. доллардан зиёд маҳсулот етказиб берилди (143 баробар ўсган). Бугунги кунда “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти таркибидаги экспортчи корхоналар сони 260 дан ошди. Умумий экспорт ҳажмида юқори қўшимча қийматга эга товарлар улуши 32,2 фоизни ташкил қилмоқда ва бу кўрсаткич мунтазам ўсмоқда. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотлари Европа Иттифоқи мамлакатлари, Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон каби дунёнинг 50 дан ортиқ давлатига экспорт қилинмоқда. 

Ушбу кўрсаткичлар мамлакатимизнинг енгил саноат соҳасидаги салоҳияти нақадар катта эканидан далолат беради. Шу маънода, номзодимизнинг дастурида маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш имкониятига эга бўлган тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилган ва унга кўра қиймати 2 млд. 300 млн. доллар бўлган 140 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш назарда тутилгани катта аҳамиятга эгадир. Бу ўз навбатида, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробарга оширишга ҳизмат қилади.

Ана шундай улкан вазифаларни амалга ошириш орқали мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, унинг рақобатдошлигини ошириш, бир сўз билан айтганда, халқимиз фаровонлигини янада юксалтириш бўйича аниқ дастур ва чора-тадбирлар ишлаб чиққан ва уларни рўёбга чиқаришга қодир бўлган Шавкат Мирзиёев номзодини бўлажак сайловларда қўллаб-қувватлашларини таъкидламоқдалар. Барча юртдошларимизни O‘zLiDeP номзодига овоз беришга чақирамиз.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида