Анқара маъмурияти АҚШ ва НАТО билан муносабатларини қайта баҳолаш жараёнини амалга ошираётгани йўқ. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған CBS телеканалига берган интервьюсида шундай баёнот берди. 

"Ҳозирда бу масала муҳокама қилинаётгани йўқ. Биз, ҳар доимгидек, НАТО йўналишида ҳаракатни давом эттирмоқдамиз", - деган турк етакчиси. 

Бироқ, Эрдўған АҚШни курд бўлинмаларига ёрдам бераётгани учун танқид қилган. 

"Сиз ИШИД билан жанг қилаётгани учун бошқа бир террорчилик ташкилотини ҳимоя қила олмайсиз. Террорчилик ташкилотларини яхши ва ёмонга ажратиб бўлмайди. Айни масала юзасидан эса биз АҚШ билан келишувга эриша олганимиз йўқ", - дея уқдирган Туркия президенти. 

Шу билан бирга, Эрдўған АҚШдан кўнгли қолганини тан олган. "Рухсатингиз билан дангал гапирсам, умуман, мен очиқ гапиришим билан яхши танилганман. Кўнглим қолмаган, десам ёлғон бўлади, чунки менинг АҚШдан кўнглим қолган", - деб изоҳ берган Эрдўған АҚШга нисбатан фикрларини билдирар экан.