Туркиянинг  Истанбул шаҳрида XV асрдан бошлаб ўзбек хонақоҳлари (Özbekler Tekkesi, Özbekler Dergahı, Özbekler Hangahı) фаолият юрита бошлаган. Ҳозирда Истанбул шаҳрида ўзбеклар номи билан боғлиқ 10 дан ортиқ хонақоҳ сақланган. Баъзилари ҳозиргача фаолиятда. Бу ҳақда блогер Давронбек Тожиалиев “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида ёзиб қолдирган

Истанбулдаги Ўзбек хонақоҳлари (Özbek tekkeleri) юртимиздан келган нақшбандий шайхлар томонидан қурилган. Хонақоҳлар Мовароуннаҳрдан ҳажга келаётган зиёратчилар учун қўноқ (Туркистондан ҳажга чиққанлар Истанбулга келиб, Абу Айюб ал-Ансорий мақбарасини, сўнг халифани зиёрат этишни одат қилишган эди), маҳаллий аҳоли учун илм даргоҳи — исломий таълим маскани, маданият ва ижтимоий марказ вазифасини бажарган. XIX аср охирларидан бошлаб, руслар босқинидан ҳижрат қилган туркистонликлар учун ҳам бу даргоҳлар бошпана вазифасини ўтаган.

Турк тарихчиларининг ёзишича, бу хонақоҳлар Истанбулнинг диний, ижтимоий, маданий ва сиёсий ҳаётида катта ўрин тутган. Хонақоҳ шайхлари Мовароуннаҳр ва бошқа ҳудудлар билан муносабатларни илиқлаштиришда халифага бевосита таъсир ўтказа олганлар.

Архив маълумотларига кўра, ўзбек хонақоҳлари барча учун очиқ бўлган, у ердан фақир-мискинлар аримаган. Диний байрамлар, муқаддас кечаларда катта қозонларда ош дамланган. Доимий диний-илмий анжуманлар, чиғатой туркчаси (эски ўзбекча) ва уйғур тилларидаги илоҳий, шеър кечалари ўтказилган.

Истанбулнинг Султонаҳмет маҳалласида жойлашган Бухоро Ўзбеклар хонақоҳи (Buhara Özbekler Tekkesi) 1692 йили бунёд этилган. Хонақоҳ таркибига масжид, минора, тавҳидхона (чиллахона), дарсхона, меҳмонхона, ҳужралар, ошхона, омборхона, сувхона ва бошқа бинолар кирган. 1925 йили шундай даргоҳлар оммавий ёпилганидан сўнг ҳам Мустафо Камол Отатуркнинг махсус рухсати билан бу хонақоҳнинг фаолияти давом этаверган. 2008 йилдан бу даргоҳ Истанбул дизайн марказига ижарага берилган. Бухоро Ўзбеклар хонақоҳига туташ кўча Ўзбеклар кўчаси деб аталади.