2016 йилнинг январь-сентябрь ойларида жами бозор хизматлари ҳажми 65 046,6 млрд сўмни ташкил қилди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,4 фоизга ошди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати.

Ҳисобот даврида қуйидаги хизмат турлари бўйича юқори ўсиш суръатларига эришилган: молиявий хизматлар - 119,4 фоизга; ижара хизматлари - 117,5 фоизга; кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар - 116,3 фоизга; соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар - 116,2 фоизга; компютерлар ва маиший товарларни таъмирлаш бўйича хизматлар - 114,6 фоизга; савдо хизматлари - 114,4 фоизга; алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари - 113,8 фоизга ошган.

Хизматлар таркибида энг катта улуш транспорт хизматларига – жами хизматларнинг 29,2 фоизи; савдо хизматларига – 28,6 фоизи; молиявий хизматларга - 10,8 фоизи; алоқа ва ахборотлаштириш хизматларига - 6,9 фоизи; кўчмас мулк билан боғлиқ хизматларга - 3,7 фоизи; таълим хизматларига - 3,6 фоизи тўғри келгани қайд этилган.

Ҳудудлар кесимида юқори ўсиш суръатларга Жиззах (118,7 фоиз), Андижон (117,2 фоиз), Сурхондарё (116,4 фоиз), Қашқадарё (116,3 фоиз), Тошкент (116,3 фоиз), Наманган (116,2 фоиз) вилоятларида эришилган. 

2016 йилнинг январь-сентябрь ойларида капиталлаштириш ва молиявий барқарорликни оширишдан иборат бўлган молия ва суғурта фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, замонавий электрон тўлов технологияларининг жорий қилиниши билан ҳудудий тармоқларнинг кенгайтирилиши натижасида молиявий хизматлар ҳажми 7031,1 млрд.сўмни ташкил қилган ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,4 фоизга ўсган. Жами хизматлар ҳажмида молиявий хизматларнинг улуши 10,8 фоизни ташкил қилмоқда.

Молиявий хизматларнинг ошишига суғурталаш ва нафақа та`миноти бўйича хизматлардан ташқари молиявий хизматлар (жами молиявий хизматлар ҳажмининг 91,3 фоизи), шунингдек суғурталаш бўйича хизматлар (жами молиявий хизматлар ҳажмининг 6,4 фоизи) салмоқли таъсир кўрсатгани таъкидланган.