Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 октябрдаги 2646-сонли қарори билан тадбиркорлик субьектларини ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича қонунчилик ҳамда меъёрий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш кўзда тутилган. 

Унга мувофиқ, жорий қонунчилик талабларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорлари ўз кучини йўқотади, деб хабар қилмоқда review.uz сайти.

Хусусан, кичик тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олувчи давлат органига муҳр ва штамп эскизлари, фотокарточкалар, паспорт нусхаси, рўйхатдан ўтиш (рухсат бериш) жараёнларидан ўтганлигига оид карточка, якка тартибдаги тадбиркорнинг доимий яшаш жойидаги ўз-ўзини бошқариш органидан тасдиқловчи маълумотнома, фирмага тегишли номларни захиралаб қўйганига оид маълумотномалар ҳамда ҳозирги кун талабларига мос келмайдиган бошқа ҳужжатлар ва маълумотномалар бекор қилинади. 

Бундан ташқари, низом ҳужжатларини нотариал тасдиқлаш, хорижий тадбиркорнинг юридик шахс ва ёки бошқа турдаги ҳужжатларини уни рўйхатга олган савдо реестридан кўчирма шаклидаги маълумотнома, шунингдек, ушбу юридик шахснинг хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар рўйхатида ҳақиқатдан рўйхатга олинганини тасдиқловчи маълумотнома тақдим этиш талаб этилмайди.