11 ёшли боланинг қотиллигида айбдор деб топилган америкалик Дэнни Хайнрих 20 йиллик қамоқ жазосига тортилди. Боланинг 27 йил аввал ўғирлаб кетилиши АҚШ федерал қонунчилигига ўзгартириш киритилишига сабаб бўлган.

Жейкоб Веттерлинг исмли бола 1989 йилда Миннесота штатида жойлашган Сент-Жозеф шаҳридаги уйи яқинида ўғирлаб кетилган. Болани ниқобда бўлган номаълум кимса у акаси ва дўсти билан велосипедда учиб юрганда ўғирлаб кетган. Ўшандан кейин болани ҳеч ким кўрмаган.

Жорий йилнинг сентябрида полиция боланинг суякларини топгани ва уни идентификация қилганини маълум қилган. "Ассошиэйтед Пресс" ахборот агентлигининг маълум қилишича, боланинг жасади кўмилган жойни 53 ёшли Хайнрих тергов билан ҳамкорлик қилиш доирасида кўрсатган.  

Эркак ўтган йили болалар порнографияси иши бўйича ҳибсга олинган, бироқ 2016 йил ёзида Веттерлингнинг ўғирланиши бўйича ўз айбини тан олувчи кўрсатмалар бера бошлаган.

Тергов билан келишув доирасида у қотилликда айбланмаган, унга болалар порнографияси бўйича максимал қамоқ жазоси белгиланган.

11 ёшли боланинг ўғирланиши АҚШда кенг жамоатчилик резонансига сабаб бўлган. Конгресс 1994 йилда Жейкоб Веттерлинг қонунини қабул қилган, унга кўра штатларга жинсий характердаги жиноятларни амалга оширган барча шахслар ҳисоботини олиб бориш мажбурияти қўйилган.