АҚШнинг Нью-Жерси суди анорексиядан (иштаҳанинг йўқлиги) азият чекувчи, 31 кг келадиган аёлни мажбурий равишда овқатлантиришни тақиқлаб қўйди. 29 ёшли бу қиз 2014 йилдан бери руҳий касалликлар шифохонасида даволанади. Қиз шу даврдан бери овқат ейишга эҳтиёж сезмаслигини айтиб келади ҳамда унга паллиатив терапия (оғриқларни енгиллаштирувчи терапия) қўллашни сўрайди.

Қиз мажбурий даволанишга чидай олмай охири судга мурожаат қилди. Штат ҳукумати ва прокурорлар аёлнинг арзини рад этишни талаб қилишган, бироқ аёлнинг адвокати унинг манфаатларини ҳимоя қила олган. Адвокат унинг ҳимоясидаги аёлнинг суяклари худди 92 ёшли кампирнинг суякларидек мўртлигини, шу сабабли уни мажбурий овқатлантириш ҳаётига хавф солиши мумкинлигини айтган. 

Оқибатда суд аёлнинг ёнини олиб, унга қанча истаса, шунча оч қолишга рухсат берган.

Маълум қилинишича, аёлга анарексик фикрлар 5 ёшлигидаёқ кела бошлаган. У 13 ёшидан овқат тановул қилишни рад эта бошлаган. Бунинг оқибатида қиз ҳаётининг кўп қисмини турли ошқозон касалликлари, депрессия ва гиёҳвандликдан даволаниш билан ўтказган.