«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати армияда хизмат қилиб олий таълим муассасаларига ўқишга тўлов-контракт асосида кирган талабаларга тўлов маблағининг 35 фоизини тўлаб ёрдам кўрсатишда давом этади. Ташкилот расмий вакилининг «Кун.uz» сайтига маълум қилишича, бундай ёрдам бекор қилингани ҳақидаги хабарлар асоссиз ҳисобланади.

«Президент чиқарган қарорни фақат президент бекор қила олади», дея таъкидлади манба.

Унинг маълумотига кўра, айни вақтда бундай ёрдамдан республиканинг турли олийгоҳларида 25 минг нафарга яқин талаба фойдаланиб келмоқда.

Бундан олдинроқ «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати республика Қуролли кучлари сафида ҳарбий хизматни ўтаб, тўлов-контракт асосида олий ўқув юртларига қабул қилинган фуқароларга моддий ёрдам кўрсатиш амалиётини тўхтатиши ҳақида хабар берилганди.

Қайд этиш керакки, бу хабар бугун ташкилот сайтига ҳам қўйилган, аммо тез орада олиб ташланган.

Талабаларга бундай ёрдам жорий этиш бўйича қўшма қарор 2006 йил 12 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги томонидан қабул қилинганди.