Россия мудофаа вазирлигининг «Искандер» ва С-400 ракета мажмуаларини Калининград вилоятига жойлаштириши Европа хавфсизлигини беқарорлаштириши мумкин. АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Жон Кирби шундай баёнот берди, деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги.

«Россия «Искандер»ларни Калининградда жойлаштириш билан таҳдид қилди. Европада сўнги ўн йилда юз берган турли ҳодисаларга бу тарзда жиддий ҳарбий жавоб бериш шарт эмас эди. Биз Россияни хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадларига зид бўлган сўзлардан ва ҳаракатлардан тийилишга чақирамиз», — деган Кирби. 

Россия Федерация Кенгашининг мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раҳбари Виктор Озеров АҚШнинг Европада РҚМ тизимларини жойлаштирганига жавобан Россия ғарбий йўналишда ҳаво-космик мудофаасини кучайтиришга мажбур бўлишини айтганди. 

Озеровнинг аниқлик киритишича, гап Калининградда С-400 ва «Искандер» мажмуаларини жойлаштириш ҳақида бормоқда.