Франциянинг Эвре шаҳрида яшовчи эркак ўзига мерос қолган уйнинг турли хоналарида яширилган 100 кг олтин топиб олди, деб хабар бермоқда Normandie-Actu нашри.

Маълум қилинишича, француз олтинларни уйидан эски мебелларни олиб чиқиб ташлаётганда топиб олган. Аввал у жавон тубига маҳкамланган қутини топиб олган. Қути ичида эса олтин тангалар бўлган. Сўнгра қимматбаҳо металл уйнинг бошқа хоналарида, жумладан ваннахонада ҳам топилган. 

Ҳаммаси бўлиб 5 мингта олтин танга, иккита 12 кг лик ва 37 та 1 кг лик ёмбилар топилган. Кутилмаган хазинанинг нархи 3,5 млн еврони ташкил қилган.

Омади чопган француз бундан ташқари ушбу олтинлар ўтган асрнинг 50-60-йилларида қонуний равишда сотиб олинганини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам топган. Меросхўр барча топилган олтинларни аукционда сотиб юборган. Олтин буюмларни французлар ва хорижликлар харид қилишган.

Франциядаги хазиналар ҳақидаги қонунга кўра, француз олтинлар сотилишидан тушган пуллардан 45 фоизини олади.