Германияда истиқомат қилувчи Урсула Хафербек миллатлар аро нафрат қўзғашга уриниш ва Холокостни тан олмагани учун 2,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди. Бу ҳақда Spiegel-Online хабар берган.

88 ёшли бу аёл устидан суд жараёни Қуйи Саксония еридаги Ферден шаҳрида бўлиб ўтган. Қайд этилишича, айбланувчи ҳукм юзасидан шикоят билдирмоқчи.

«Рейх овози» (Stimme des Reiches) газетаси материалларида Хафербек бир неча марта Холокостни инкор қилиб чиққан. У судда ўзига охирги сўз берилганида Освенцимдаги лагерь концентрация лагери бўлмагани, меҳнат лагери бўлгани, унда одамлар газ камераларига солинмагани ҳақида гапирган.

Қайд этиш керакки, бу Урсула Хафербекка чиқарилган биринчи ҳукм эмас. 2015 йил ноябрида Ҳамбургдаги судлардан бири унга 10 ойлик қамоқ жазоси тайинлаганди. Шу йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида унга 8 ва 11 ой муддатли ҳукмлар ўқилди.

Deutsche Welle нашрида ёзилишича, ҳозирча ҳеч бир суд ҳукми кучга кирмаган.

Освенцим (ёки Аушвиц) лагери Польшанинг Краков шаҳридан 60 километр масофада жойлашган. 

1944 йилда Освенцимга венгриялик яҳудийлар ортилган 130 дан зиёд поезд етиб келган эди. 300 мингга яқин киши газ камераларида заҳарланган ва лагерь печларида ёқиб юборилган. 

Турли баҳоналарга кўра, Освенцимда 1,4 миллион киши қийнаб ўлдирилган, улардан миллиондан ортиғи яҳудийлар эди. Ҳозирда лагерь ҳудудида музей очилган.