Хитойнинг NextEV компанияси Nio деб номланган автомобиллар ишлаб чиқарувчи бўлимини ишга туширди. Бу бўлим яратган илк модель "бир мегаваттлик" (куч қурилмаси 1360 от кучига эришади) электр гиперкар бўлди. Автомобиль чекланган миқдорда чиқарилди.

Гиперкар NextEV’нинг Формуле-Е жамоаси мутахассислари билан ҳамкорликда яратилган. Бу машина умумий фойдаланиш учун мўлжалланган автомобиль бўлганига қарамасдан, купе FIA LMP1 пойга тоифасидаги хавфсизлик талабларига мувофиқ равишда яратилган.

Компанияда таъкидланишича, Nio EP9 машинаси 240 км/соат тезлик билан кетаётганда "Формула-1" болидларидан икки баробар каттароқ, яъни 2,5 тонна босиш кучини таъминлайди. 

Купе карбон монокок, ҳар бир ғилдирак учун биттадан электромотор, 2 та литий-ион аккумулятор блоки билан жиҳозланди. Аккумуляторларни 45 дақиқа ичида тўлиқ қувватлаш ёки 8 дақиқа ичида тўлиқ алмаштириш мумкин. Машинанинг оғирлиги 1735 кг бўлиб, LaFerrari ва McLaren P1 спорт машиналаридан 200 кг оғирроқ. Янги машинанинг юриш захираси 425 км дан кўпроқни ташкил қилади.

Янги машина 0 дан 100 км/соат тезликка 2,7 сонияда эриша олади. Машинанинг максимал тезлиги соатига 312 км ни ташкил қилади. 

Компанияда таъкидланишича, Nio EP9 Нюрбургринг синов трассани 7 дақиқа 5,12 сонияда босиб ўтган. Ҳаммаси бўлиб машинадан 9 дона ишлаб чиқарилган. Машинанинг нархи эълон қилинмаган, бироқ маълум қилинишича, бундай машинани яратиш компанияга 1,2 млн долларга айланган.