Калифорния мустақиллиги тарафдорлари штат прокуратурасига АҚШ таркибидан чиқишга доир референдум бўйича ҳужжатларни тақдим этишди. Бу ҳақида The Los Angeles Times нашри хабар берди. Таклиф ташаббускорлари - Yes California ҳаракати аъзолари. 

Фаоллар уларнинг ҳужжатларини «Calexit: Калифорния мустақиллигига доир 2019 йил плебисцити» номи остида қайд этишни сўрашди. Ариза расмийлаштирилганидан сўнг улар референдумни қўллаб-қувватлаш мақсадида имзо тўплашни бошлашлари мумкин бўлади. Уларнинг сўзларига кўра, 13 минг нафар кўнгилли референдумни қўллаб-қувватлашга тайёр. 

Вице-президент ва ҳаракат ҳаммуассиси Маркус Руис Эванснинг изоҳлашича, референдумни ўтказиш келаси йилнинг бошларига режалаштирилаётган эди, бироқ АҚШ президентлиги сайловларида Дональд Трампнинг ғалабаси фаолларнинг тезлашишига сабаб бўлди. 

Калифорния бўлими тарафдорлари овоз бериш жараёнини 2019 йилнинг 13 мартида ўтказиш мумкинлигига умид қилишмоқда. Штат аҳолисига биргина саволга жавоб бериш таклиф этилди: "Калифорния озод, суверен ва мустақил давлат бўлиши керак, деб ҳисоблайсизми?". Фаолларнинг қарорига кўра, штат аҳолисининг 50 фоиздан кўпроғи овоз бериш жараёнида иштирок этса ҳамда 55 фоиздан кўпроғи бюллетен саволига ижобий жавоб берса,  референдум натижалари тан олинади.

9 ноябрь куни Калифорния аҳолиси АҚШ таркибидан чиқишга доир кампанияга старт берди. Twitter'да #Calexit (California exit) хештеги оммалашди. Калифорнияликлар ўзларининг мустақил давлатларини тузишмоқчи. 

Калифорния — АҚШнинг энг кўп аҳоли (деярли 40 миллион киши) яшайдиган штати. У Тинч океанининг Ғарбий қирғоғида жойлашган. Калифорния ЯИМ ҳажми бўйича мамлакат штатлари орасида биринчи ўринда.