Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг баёнот беришича, расмий Москва НАТО Россия чегараларига яқинлашаётган экан, ўз чегараларини мустаҳкамлашга мажбурдир. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар қилмоқда

У журналистларнинг Россия Калининградда ракета мажмуаларини жойлаштираётгани ҳақидаги хабарга изоҳ сўраб қилган илтимосларига шундай жавоб берган.

«Россия НАТО томонидан унинг чегараларига экспансия қилинаётган бир вақтда ўз хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган чораларни кўрмоқда. Альянс ҳақиқатдан агрессив блок ҳисобланади, шу боисдан, Россия зарур бўлган барча нарсани амалга оширмоқда. Шу билан бирга, ушбу ҳолатда, Федерация ҳудудида ҳар қандай керакли чораларни кўриш бўйича суверен ҳуқуқларга эга», — деган Песков.

Матбуот котиби ушбу ҳудудга мазкур қуроллар мажмуалари жойлаштирилганми ҳамда улар у ерда доимий асосда бўладими?, деган саволга жавоб бермаган. 

Бундан аввал, АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Жон Кирби Россиянинг Калининградга «Искандер» ва С-400 ракета мажмуаларини жойлаштираётганини Европа хавфсизлигига раҳна солувчи ҳаракат дея баҳолаган эди.