Покистон армияси Кашмирдаги чегара назорати чизиғидаги отишмада 4 нафар фуқаро ва 6 нафар ҳинд аскари ҳалок бўлганини маълум қилди. 

"Бугун назорат чизиғидаги отишмада 4 фуқаро ҳалок бўлди, 10 нафари яраланди", деб айтилган армия матбуот хизматида. 

Матбуот хизматининг таъкидлашича, покистонлик ҳарбийлар ҳинд позицияларига жавоб ўтини очган, бунинг оқибатида 6 нафар ҳинд аскари ҳалок бўлган.

Деҳли ҳозирча Покистон армиясининг бу хабарига муносабат билдирмаган. Аввалроқ Hindustan Times нашри якшанбага ўтар кечаси чегарадаги отишмада бир чегарачи ҳалок бўлгани, 3 нафари яраланганини маълум қилган. 

Исломобод ва Деҳли мунтазам равишда бир-бирларини ярашувни бузишда ва назорат чизиғида отишмалар содир этишда айблаб келади. Бунда иккала томондан ҳам қурбонлар камдан-кам расман маълум қилинади.  

Икки давлат ўртасидаги муносабатлар Кашмирда 29 сентябрга ўтар кечаси юз берган воқеадан кейин кескинлашиб кетди. Ўшанда Ҳиндистон "контртеррорчилик операцияси"ни ўтказиб, Покистон томонидан назорат қилинувчи ҳудудда террорчилар базаларига зарбалар берганини маълум қилган. Покистон эса оддий отишма бўлганини ва икки нафар покистонлик ҳарбий бўлганини айтган. Воқеа жангариларнинг Кашмирдаги ҳинд ҳарбий базасига ҳужумидан 1,5 ҳафта ўтиб юз берган. Ҳужум оқибатида 19 нафар ҳинд аскари ҳалок бўлган.