Россия бош вазири ўринбосари Ольга Голодец Россиянинг муаммоли ҳудудларида хорижий ишчилар улуши қисқартирилишини қўллаб-қувватламоқда, деб хабар бермоқда RNS.

Унинг айтишича, Россия меҳнат бозорига муҳожирларнинг келиши ижтимоий ва давлат томондан йўқотишлар – меҳнатнинг арзонлашиши ва Россиядан капиталнинг олиб чиқилишига олиб келади, чунки меҳнат муҳожирлари топган пулларини ватанларида сарфлайдилар.

"Бу бизнинг бюджетимизга қўшимча ижтимоий юкламадир, чунки муҳожирлар бизнинг тиббиёт муассасаларимиз ва таълимдан фойдаланадилар. Барча плюс ва минусларни таққослаганимизда, натижада биз оладиган ижтимоий юклама улар бизнинг иқтисодиётга қўшаётган ҳиссага мос келмайди", деб айтди Голодец.

Унинг айтишича, бу жиддий дисбалансга олиб келади, чунки фойдани иш берувчи олади, жамият эса бунга ҳақ тўлайди.

"Шунинг учун меҳнат бозорида муаммолар мавжуд бўлган ҳудудларда секин-аста хорижий ишчиларни камайтириш – бу бизнинг сиёсатдир ва биз бунга эртами-кечми келамиз, бироқ иш берувчилар доимо меҳнат бозорида етарлича ишчи кучи йўқлигини таъкидлаб келадилар", деб айтди Голодец.

Айни вақтда Россияда халқ хўжалигининг турли тармоқларида меҳнат муҳожирларини қабул қилишда чекловлар жорий қилинган дастур амал қилади. Голодецнинг айтишича, баъзи тармоқларда 10 фоиз ва ундан кўпроқ даражада меҳнат муҳожирларини ишга қабул қилишга рухсат берилган бўлса, бошқаларида эса бу кўрсаткич анча катта кўрсаткични ташкил қилади.