Шанхай ҳамкорлик ташкилоти учун БМТ, унинг турли институтлари ва идоралари билан муносабатларни ривожлантириш ва босқичма-босқич чуқурлаштириш муҳим аҳамият касб этади. БМТ Бош Ассамблеясида маъруза қилган ШҲТ бош котиби Рашид Алимов шундай баёнот берди. 

БМТ БА 21 ноябрь куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ), МДҲ ва ШҲТ билан ҳамкорликни кучайтириш тўғрисидаги резолюцияни тасдиқлади. Ушбу учта ҳужжат ҳам дастлабки овоз беришларсиз қабул қилинган. 

"БМТнинг минтақавий ташкилотлар билан самарали алоқаларни ривожлантириши ва мустаҳкамлаши нафақат минтақавий тузилмалар, балки БМТнинг ўзини ҳам маълум бир маънода кучайтиради", - деган Алимов. 

У ўзининг чиқишида қайд этишича, "ШҲТ ташкил этилганидан бери БМТни глобал хавфсизликни таъминлаш бўйича етакчи халқаро универсал тузилма, давлатлараро ва халқаро муаммоларни ҳал этиш бўйича асосий майдон сифатида баҳолаб, унинг халқаро ишларда марказий мувофиқлаштирувчи вазифасини кучайтириш тарафдори бўлиб келади".

ШҲТ бош котибининг таассуф билан уқдиришича, "замонавий дунё тобора хавфли ва олдиндан тахмин қилиб бўлмас даражада ўзгармоқда, чақириқлар ва таҳдидлар кўпаймоқда, уларнинг табиати ва хусусияти мураккаблашиб боряпти". 

Бош Ассамблеянинг БМТ ва ШҲТ ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги резолюцияси "ўзаро ҳамкорликнинг кенг қамровли йўналишлари бўйича чораларни бирлаштиришга чақиради", - деб қайд этган Алимов.

"ШҲТ БМТ билан ўзаро фойдали ҳамкорликнинг ҳар қандай шаклига очиқ ҳамда қалин ва самарали ишлашни давом эттиришга тайёрдир", - дея хулоса қилган ШҲТ бош котиби.