Швеция футбол иттифоқи миллий терма жамоанинг собиқ ҳужумчиси Златан Ибраҳимович ҳайкали терма жамоа ўз ўйинларини ўтказадиган Стокгольм «Френдс-Арена» ўйингоҳи рўпарасига ўрнатилиши ҳақида маълум қилди.

Душанба куни «Манчестер Юнайтед» футболчиси бўлган бу футболчи кетма-кет ўнинчи марта шведларнинг «Олтин тўпи» мукофотини олди. Бу мукофот Швецияда йилнинг энг яхшиси бўлган футболчига берилади. Эндиликда Ибраҳимович ҳисобидаги бундай мукофотлар сони 11тага етди.

Ибраҳимович ўз ватанида илк марта 2005 йилда энг яхши футболчи сифатида тақдирланган эди. Кейинги йили «Арсенал»нинг собиқ футболчиси Фредрик Юнгберк бу совринга эга чиққан, шундан сўнг Ибраҳимович бу совринни ҳеч кимга бермай келмоқда.

Шу туфайли Швеция футбол иттифоқи мамлакат тарихидиги энг яхши футболчининг 2,7 метр баландликдаги ҳайкалини ўрнатишга қарор қилган.

Ибраҳимович Швеция терма жамоаси сафида 116 учрашувда майдонга тушиб, 62 гол урган.