Касал бўлиш ҳеч кимга ёқмайди, бироқ бу ҳодиса юз берса, чора-тадбирлар мажмуи ва ёзилган дориларни қатъий истеъмол қилиш тезроқ тузалишга имкон яратади. Бироқ бизга маълумки, айрим дориларни кўрсатилган вақт давомийлиги бўйича ичиш керак бўлади. Бу ҳолатда эса турли ижтимоий шароитлар туфайли (масалан, тунда ёки ишда узоқ давом этувчи мажлис вақтида) ўз вақтида ича олмай қоламиз.

Бундан ташқари, айрим дармон воситаларини бир неча давомида кичик дозаларда касалланишдан аввал ёки ичиш анча самаралироқ таъсир қилади.

Шароитни ҳисобга олган ҳолда, Массачусет технология институти ва Бригхэм аёллар шифохонаси тадқиқотчилари янги капсула турини ўйлаб топишди. У бор-йўғи бир маротаба истеъмол қилинади ва 2 ҳафта давомида таъсир қилади. 

Капсула мослашувчан асос ва дорили олти «оёқча»дан иборат. Организмга қулай жойлашиши учун у эрийдиган қобиққа жойлаштирилган ва ошқозонга тушиши билан ўзига хос юлдузга айланади. Ичкарида белгиланган вақт ичида кун давомида дозадан бири ажралиб чиқади. Дори эса органнинг шиллиқ қобиғи орқали сўрилади.

Ўйлаб топилган шакл капсуланинг ошқозондан эрта чиқиб кетишига йўл қўймайди ва бир вақтнинг ўзида унинг равон ҳаракатига халақит бермайди. Фақатгина ҳаракатга ажратилган вақтдан сўнг юлдузсимон агрегат алоҳида "нурлар"га бўлинади ва организмга зиён келтирмаган ҳолда табиий йўл билан чиқиб кетади. 

Ҳозирча тиббий ноу-хау фақатгина чўчқалар билан ўтказилган лаборатория шароитидан муваффақиятли ўтди. Олимлар бу ихтирога катта умид билдирмоқда ҳамда унинг ёрдамида асаб-руҳий зўриқиш, ОИВ, диабет, эпилепсия ва бошқа ўз вақтида дориларни истеъмол қилишни талаб этувчи касалликларни даволашда қўл келишига ишонишмоқда. 

Ҳозирда бутун бошли даволаниш курсини ўзида мужассам этган капсула беморлар учун қачон сотувга чиқарилиши ҳақида маълумотлар йўқ.