АҚШ президенти этиб сайланган Дональд Трамп ўзининг бўлғуси маъмуриятини икки муддатга президент бўлиб қолиш ҳисобидан шакллантирмоқда. Бундан унинг твиттердаги саҳифасида пайдо бўлган хабар гувоҳлик бермоқда

"Бугун Trump Tower’да кейинги 8 йил давомида ҳукуматни бошқарадиган инсонлардан жамоамни шакллантириш билан боғлиқ муҳим учрашувлар бўлиб ўтади", деб ёзган Трамп.

Кейинги кунларда Трамп ўзининг бош қароргоҳига Конгресс, ҳукумат ва қуролли кучларнинг амалдаги ва собиқ вакилларини муносиб жамоа шакллантириш мақсадида ички ва ташқи сиёсат масалаларини муҳокама қилиш учун фаол таклиф қилмоқда.

Айни вақтда Трамп бир қатор муҳим лавозимларга кимларни қўйишни ҳал қилиб қўйди. Трамп АҚШ мудофаа вазирлиги разведка бошқармасининг собиқ раҳбари, истеъфодаги  генерал-лейтенант Майкл Флинни миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси сифатида, адлия вазири сифатида Алабама штатидан сенатор Жефф Сешнсни, Оқ уй ходимлар маъмурияти раҳбари сифатида Райнс Прибэсни, Марказий разведка бошқармаси директори сифатида Канзас штатидан конгрессмен Майк Помпеони танлади.

Трампнинг бош маслаҳатчиси ва бош сиёсий стратеги унинг сайловолди штабига раҳбарлик қилган Стив Бэннон бўлади. 

АҚШда президент 4 йиллик муддатга сайланади ва бу лавозимни кетма-кет ёки танаффус билан икки мартадан кўпроқ марта эгаллай олмайди.

Трампнинг инаугурацияси 2017 йил 20 январда бўлиб ўтади.