Тайваннинг жиддий молиявий муаммоларга дуч келган TransAsia Airways авиаташувчиси бир кунга барча парвозларни бекор қилди. Бу ҳақда орол Марказий янгиликлар агентлиги хабар қилмоқда. 

Ҳозирча, компаниянинг кутилмаганда 21 ноябрда эълон қилган ва 5 мингдан ортиқ йўловчиларнинг режаларини остин-устин қилган қарорининг асл сабаблари номаълум. Ўз навбатида, Тайвань фуқаро авиацияси бошқармаси авиакомпанияга жиддий жарима солишини таъкидламоқда. 

Бундан ташқари, TransAsia Airways бошқаруви раҳбари ва икки нафар бош менежерлари акциялар билан инсайдерлик савдосини йўлга қўйганликда гумон қилиниб, прокуратурага чиқартирилган. Авиакомпания фаолияти тўхтатилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг, унинг Тайбэй фонд биржасидаги акциялари қиймати кескин арзонлашиб кетган. 

Айни вақтда, ушбу компанияга тегишли акциялар савдоси компания сўровига биноан тўхтатилган. Бугун компания директорлар кенгашининг фавқулодда мажлиси бўлиб ўтиши, кейинроқ матбуот анжумани ўтказилиши кутилаяпти. 

TransAsia Airways – Тайваннинг учинчи энг йирик авиаташувчи компанияси ҳисобланади. У 44 та қисқа масофаларга парвозни амалга оширади. 2014 ва 2015 йилларда содир бўлган ҳамда 91 кишининг умрига зомин бўлган авиаҳалокатлар оқибатида иккита турбовинтли самолётидан айрилган эди. Жорий йилнинг уч чораги мобайнида авиакомпания 69,3 млн доллар миқдорида зарар кўрган.