Туркия ҳукумати Суриядаги курдларнинг «Демократик иттифоқ» (PYD) партияси ҳамраиси Салиҳ Муслимни февраль ойида Анқарада амалга оширилган теракт бўйича текширувлар доирасида ҳибсга олиш учун ордер берди. Бу ҳақда Anadolu хабар тарқатган.

Қайд этилишича, суд жами бўлиб 48 кишини қўлга олишга ордер берган, улар орасида Курдистон ишчилар партияси (КИП) етакчилари ҳам бор.

КИП Туркияда террорчилик ташкилот сифатида тан олинган ва унинг мамлакатда фаолияти тақиқланган.

Шу йилнинг февралида Анқара шаҳри марказида портловчи қурилмалар жойланган автомобил портлатилганди. Теракт оқибатида 28 киши ҳалок бўлган ва ўнлаб кишилар жароҳатланганди.

Кейинроқ курд жангарилари бу теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.