Киевнинг Святошин туман суди Украинанинг собиқ президенти Виктор Януковични "Беркут" махсус бўлинмасининг 5 нафар собиқ ходими иши юзасидан 25 ноябрда видеоанжуман орқали сўроқ қилади, деб хабар бермоқда "112 Украина" телеканали. 

"Раислик қилувчи судья бугун ушбу қарорни қабул қилди. Томонлардан ҳеч ким бунга қарши бўлмади. Шу тариқа, 25 ноябрь соат 13.00да собиқ президент Янукович видеоалоқа ёрдамида Святошин туман судида сўроқ қилинади", дейилган хабарда.

Маълум қилинишича, суд залига Майдандаги воқеалар давомида жабрланганлар, ҳалок бўлганларнинг яқинлари, гувоҳлар ва ОАВ вакиллари таклиф этиладилар. Януковичнинг сўроқ қилинишини кўришни истаганлар учун онлайн-трансляция олиб бориладиган алоҳида хона тақдим қилинади. 
Майданда 2014 йилда одамларни ўққа тутиш иши бўйича "Беркут" махсус бўлинмасининг 5 собиқ жангчиси: Сергей Зинченко, Павел Аброськин, Олег Янишевский, Сергей Тамтура ва Александр Маринченко ҳибсга олинган.

Ўтган ҳафтада Украина бош прокуратураси Майдандаги тартибсизликлар иши бўйича Украинанинг амалдаги президенти Пётр Порошенкони сўроқ қилгани маълум бўлганди.

2014 йил февралидаги Майдандаги воқеалар оқибатида Янукович ўз лавозимини ташлаб, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганди.