Шоғулом Шамсиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Россиянинг Томск шаҳрига ишлаб пул топиш учун кетган эди. Тўсатдан отаси Шоназар Шамсиев телефон қилиб хотини Вазира ҳақида қишлоқда гап тарқалганини айтади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Шоғулом Шамсиев юрагидаги адоват билан Ўзбекистонга қайтди. Бу ёлғон гап уй иши, фарзандлари тарбиясини бир чеккага суриб қўйиб, фақат майда гаплар ортидан қолмайдиган қишлоқнинг бир-иккита ғийбатчи аёлларидан чиққани аниқланди.
Шоғулом турмуш ўртоғининг шаънини оёқости қилганларни Ғиждувон туман ички ишлар бўлимига ёзиб берди. Аммо юрагидаги адоват ва асоссиз рашк ҳислари тарқамади.

Кунлардан бир кун қўлига пичоқ олиб, ғийбат марказида бўлган Собир Каримовни қўрқитиб қўйиш учун уни қидириб йўлга чиқади. Бу пайт Собир хотини Фарида билан дала йўли ёқалаб келишаётган эди.

Шоғулом ва Собир кўришиб қолиб, гап талашиб кетишди. Шоғулом Собирга ташланди. Жаҳлини жиловлай олмаган йигит унинг бир неча жойига пичоқ санчишга улгурди. Собирнинг ўша ерда жони узилди.

Суд ҳукми билан Шоғулом Шамсиев 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.