Россия ва АҚШ  ядровий қуролнинг (ЯҚ) барча турларини қисқартиришга доир музокараларни қайта тиклашлари керак. БМТ бош котиби Пан Ги Мун Нью-Йорк университетида қуролсизланиш ҳақида нутқ сўзлаб, ана шундай фикр билдирди. Бу ҳақида ТАСС агентлиги маълум қилди.

Жорий йилнинг охирида БМТнинг маъмурий раҳбар лавозимини тарк этаётган Пан Ги Мун глобал хавфсизликка "халқаро муносабатларни изчил қуролсизлантириш орқали" эришиш бўйича ўз концепциясини таклиф қилди. У бу йўлда энг асосийси - "инсониятга хавф солишда давом этаётган" ядровий қуролни бартараф қилиш эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ядровий қуролни тақиқловчи  конвенция қабул қилиниши лозим.

"Бу мақсадга эришиш кенг қамровли, интерактив ва конструктив ёндашувларни талаб қилади. Шу муносабат билан дунёнинг энг йирик ядровий аслаҳаларини (тахминан 95 фоиз) ўзида жамлаган Россия Федерацияси ва Қўшма Штатлар ҳар қандай турдаги ядровий қуролни қисқартиришга доир музокараларни қайта тиклашлари керак. Бир вақтнинг ўзида барча давлатлар ядровий қуролсизланиш орқали тинчликка эришиш мақсадини қўллаб-қувватловчи сиёсатни олиб боришлари лозим", - дея таъкидлади БМТ бош котиби. 

Унинг сўзларига кўра, БМТнинг қуролсизланишга оид механизмлари бир жойда тўхтаб қолган. Пан Ги Мун БМТнинг Женевадаги қуролсизланишга доир Конференциясини бунга мисол сифатида келтириб ўтди - иштирокчилар 20 йилдан бери бу борада бир тўхтамга келишмаган.