Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти 2017 йил 13 мартида Австрия пойтахтида гиёҳвандликка қарши кураш муаммосига бағишланган халқаро конференция ўтказади. Бу ҳақда ШҲТ бош котиби Рашид Алимов маълум қилди. 

"Мен бугун келаси йил 13 мартида қўшма анжуман ўтказишимиз ҳақида расман эълон қилдим. Ҳозирча, уни шартли равишда "БМТ ва ШҲТ гиёҳвандликларга қарши курашда", дея номлаганмиз", — деган Алимов. У ШҲТ котибияти ва Қозоғистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси томонидан ташкил этилган БМТ ва ШҲТнинг таҳдидларга қарши ўзаро ҳамкорлигига бағишланган учрашув якунида журналистларга шуларни баён қилган. 

БМТ бош қароргоҳида бўлиб ўтган йиғилишнинг асосий мақсади, Алимовнинг айтишича, универсал ташкилотнинг минтақавий тузилма билан ҳамкорлик қила олишига эътиборни қаратишдир. 

"Бизнинг фикримизча, минтақавий ташкилотлар қанчалик кучли бўлса, универсал ташкилотлар ҳам шу қадар кучли бўлади", — деган Алимов.