Европа чемпионлар лигасининг 5-туридан ўрин олган учрашувлар бугун яна давом эттирилади. Tribuna.Uz бўлажак ўйинлардан анонслар беришни давом эттиради. Бугунги кун превьюсини А гуруҳи вакиллари бошлаб беради.

Турнир жадвали. Ўтказилган 4-турдан кейин «канонирлар» гуруҳда пешқадамлик қилмоқда. «ПСЖ» билан бир хил очко жамғарган жамоа қўшимча кўрсаткичлар эвазига етакчилик қилмоқда. Парижда 1:1 ҳисобида дуранг қайд этгани Венгер жамоасига гуруҳда биринчи ўринни сақлаб қолиши учун катта ёрдам бериши мумкин. «Базель» ва «Лудогорец» билан бир очко тўплаган ҳолда европа лигаси учун курашни давом эттирмоқда.

Арсенал – ПСЖ (00:45, Матч! Футбол 1)
Бешинчи турнинг энг қизиқарли учрашувларидан бири бўлиши кутилаётган ўйин. Гуруҳ ғолиблиги учун курашаётган икки жамоа бу сафар «Эмирейтс»да куч синашади. Меҳмонда дуранг ўйнаб қайтган «Арсенал» учун ушбу ғалаба 1/4 финалга ташланган қадам бўлиши мумкин. Чунки айнан гуруҳ ғолиблари 1/8 финалда нисбатан кучсизроқ жамоа билан куч синашиши мумкин бўлади.

Ўйин олдидан. «Арсенал» бу учрашувга «Манчестер Юнайтед» уйида қайд этган дуранг натижаси билан етиб келди. Бу «канонирлар» учун премьер-лига доирасидаги кетма-кет иккинчи дуранг натижа бўлди. Олдинги турда жамоа «Тоттенҳэм» билан муросага йўлини танлаганди - 1:1. Жамоа 17 учрашувдан буён мағлубиятга учрамаяпти. Европа чемпионлар лигасининг ўз уйидаги сўнгги бешта учрашувда тўртта ғалаба қозонган. «ПСЖ» эса шанба куни «Ренн»ни  Ди Мария ва Хесе томонидан киритилган голлар эвазига мағлуб этди. Бу жамоанинг сўнгги тўртта учрашувда қозонган ғалабаси бўлди. Жамоа умуман олганда 9та учрашувдан бери мағлубиятга учрамаяпти. Чемпионлар лигаси ҳақида гапирадиган бўлсак, сўнгги 10та учрашувда парижликлар фақат бир марта – «Манчестер Сити»га имкониятни бой бериб қўйишган. ЕЧЛ доирасида сўнгги 7та сафар ўйинининг бештасида «ПСЖ» муваффақият қозонган.

Йўқотишлар. «ПСЖ» учун ёқимсиз хабар бу Серж Орьенинг Британия визасини ололмагани бўлди. Натижада жамоанинг асосий қанот ҳимоячиси учрашувни ўтказиб юборадиган бўлди. «Арсенал» таркибида эса Эктор Бельериннинг жароҳати бор. Санти Касорла эса узоқ вақтдан бери майдонга тушмай келаётгани учун ҳам бугун унинг йўқлиги билинмаса керак.
Тахминий таркиблар


Арсенал: Оспина, Монреаль, Косельни, Мустафи, Женкинсон, Коклен, Чака, Рэмзи, Ўзил, Уолкотт, Санчес.
ПСЖ: Трапп, Маркиньос, Тиаго Сильва, Меньё, Максвелл, Верратти, Мотта, Матюиди, Ди Мария, Лукас Моура, Кавани.

Имкониятлар. Букмекерлик идоралари биринчи даврадаги учрашувдаги натижа сабаб, бу сафар мезбонларга кичик устунлик тақдим қилмоқда.«Арсенал» ғалабаси учун 2.40-2.50 атрофида коэффициентлар кузатилаётган бўлса, парижликлар учун бу кўрсаткич 3.20-3.30 оралиғида.

Лудогорец – Базель (00:45)
Энг кам қизиқишга сабаб бўлаётган учрашув Европа лигаси йўлланмаси тақдирини ҳал қилиб беради. Илк учрашувда меҳмонда очко йиғишга муваффақ бўлган «Лудогорец» еврокубокларнинг баҳорги босқичида иштирок этиш учун яхши имкониятга эга бўлиб турибди.
Тахминий таркиблар:
Лудогорец: 
Борян, Минев, Паломино, Моци, Натанаэл, Дяков, Андрианантенаина, Жонатан Кафу, Марселиньо, Кристалдо, Кешерю.
Базель: Вацлик, Габер, Сухи, Альварес, Траоре, Чака, Бьярнасон, Диэ, Дельгадо, Штеффен, Думбия.
Имкониятлар. Биринчи учрашувдаги натижага қарамай, букмекерлар иккала жамоа имкониятларини бир хил баҳоламоқда. Баъзи ўринлардагина мезбонларга устунликни кўришимиз 2.60-2.65га 2.65-2.80 коэффициентда.