Tribuna.Uz Европа чемпионлар лигасининг 5-туридан ўрин олган учрашувлар бўйича анонслар беришни давом эттиради. 

Қуръа ташланган пайтидаёқ энг кучли гуруҳлардан бири сифатида таъриф берилган С гуруҳи ҳозирча билдирилган ишончларни тўлиқ оқламоқда. Назарий жиҳатдан барча жамоада кейинги босқичга чиқиш имконияти сақланиб турибди. 5-турда ҳам энг қизиқарли учрашувларидан бири шу гуруҳда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Турнир жадвали. Ҳозирча 4 турдан кейин «Барселона» 9 очко билан гуруҳда пешқадамлик қилмоқда. «Манчестер Сити» ҳисобида 7 очко мавжуд. «Боруссия» ва «Селтик» кўпроқ Европа лигаси учун курашаётган бўлсада, ҳалигача плей-офф йўлланмасидан умидини узгани йўқ. 

Селтик – Барселона (00:45, Матч! Игра)

Глазгода бўлиб ўтадиган учрашув «Барселона» учун муҳим аҳамият касб этади. «Манчестер Сити»дан қабул қилиб олинган мағлубият туфайли кейинги босқич масаласи ортга сурилганди. Бугунги ғалаба жамоа кейинги босқичга чиқишини кафолатлайди.

Ўйиндан олдин. «Селтик» Шотландия чемпионати ҳақида ортиқча ўйламаса ҳам бўлади. Кельтлар битта учрашув кам ўтказган ҳолатда энг яқин таъқибчисини 10 очкога ортда қолдирмоқда. Шу боисдан Брендана Рожерс шогирдлари бор эътиборини еврокубокларга қаратса ҳам бўлаверади. Ҳеч бўлмаганда Европа лигасига бериладиган йўлланма глазголиклар учун жуда зарур. «Барселона»да эса ишлар у даражада яхши кечмаяпти. «Сити»дан учралган мағулбиятдан кейин жамоа ўтган ҳафта Ла-лигада ҳам очко йўқотди. «Камп Ноу»да Луис Энрике жамоаси 9 киши бўлиб қолган «Малага» дарвозасига йўл топа олмади – 0:0. Лекин бу учрашувни Лионель Месси ва Луис Суарес ўтказиб юборганди. Бу очко йўқотиш жамоанинг пешқадам «Реал»дан 4 очко ортда қолишига сабаб бўлмоқда. Омадсизлик давридан чиқиб кетиши учун кўҳна қитъанинг энг нуфузли мусобақаси баҳорги мавсумига йўлланмани нақд қилиш — энг ажойиб сабаб бўла олади.

Йўқотишлар. Луис Энрике бу учрашувда ҳимоячи Самуэль Умтити ва  жамоа сардори Андрес Иньеста хизматидан фойдалана олмайди. Иккала футболчида ҳам жароҳат бор. «Селтик»да бундай муаммолар кўзга ташланмайди.

Тахминий таркиблар
Селтик:
 Гордон, Святченко, Бойята, Люстиг, Форрест, Макгрегор, Армстронг, Браун, Робертс, Синклейр, Дембеле
Барселона: тер Штеген, Роберто, Пике, Маскерано, Альба, Бускетс, Ракитич, Андре Гомеш, Месси, Суарес, Неймар

Имкониятлар. «Селтик» уй стадионида ажойиб футбол намойиш эта олишига «Манчестер Сити»га қарши учрашувда гувоҳи бўлганмиз. 3:3 ҳисобида якунланган ўйинда Рожерс шогирдлари ҳар сафар ҳисобда олдинда боришганди. Лекин шунга қарамай «Барселона»га қарши учрашув букмекерлик идоралари томонидан мезбонларнинг имкониятини паст баҳоланмоқда. Рожерс шогирдлари ғалабаси учун 10.00, 11.00 каби 12,50 коэффициентгача бўлган жуда кўп вариантдаги ставкалар қабул қилинмоқда. Ўз навбатида «Барселона» ғалабаси учун барча контораларнинг фикри деярли якдил – 1,25-1.30 коэффициент.

Боруссия М – Манчестер Сити (00:45, UzReport, Матч ТВ)

Куннинг энг муҳим учрашуви. Ўзбекистонликлар кўра олиши мумкин бўлган асосий телеканаллар орқали ушбу ўйин намойиш этилишидан ҳам буни билиб олиш қийин эмас. Плей-офф йўлланмаси ўртага тикилган баҳс кечанинг безакларидан бирига айланиши кутилмоқда. Ўтган йилги учрашув ҳам буни кафолатламоқда.

Ўйиндан олдин. Андре Шуберт шогирдлари сўнгги пайтларда Германия чемпионатида ҳам ўз ўрнини йўқотиб қўйди. Ғалабасиз сериясига барҳам бера олмаётган жамоа  ўтган ҳафтада ўз уйида «Кёльн»га имкониятни бой бериб қўйди. Охирги марта клуб бундеслигала 24 сентябрда ғалаба қозонганди. Шунча муваффақиятсизликларга қарамай, раҳбарият Шуберт истеъфога чиқаришни истамаяпти. Мураббий бунга «Сити»дек жамоани ютиш орқали муносиб жавоб бериш имкониятига эга. «Манчестер Сити» эса октябрь ойидаги муваффақиятсизликдан кейин аста-секин ўзига кела бошлади. «Барселона» устидан қозонилган ғалаба жамоанинг ўз кучига бўлган ишончини қайтарди. Ўтган турда Пеп Гвардиола шогирдлари «Кристал Пэлас» уйида мураккаб кечган ўйинда ғалаба қозонди ва ЕЧЛдаги муҳим ўйин олдин ўзига репетицияни муваффақиятли ўтказди.

Йўқотишлар. Гвардиола  АПЛдаги сўнгги тур қаҳрамони Яҳё Турени йил бошида қайдномага киритмагани учун бугун унинг хизматидан фойдалана олмайди. Шунингдек, навбатдаги жароҳатини олган Венсан Компани, кичик жароҳатлари бўлган Пабло Сабалета ва Фабиан Дельф ҳам бугун жамоага ёрдам бера олишмайди. «Боруссия М»дан эса Йосип Дрмич, Домингес, Дакур ва Шульцда шундай муаммо бор. Шунингдек «Селтик»ка қарши учрашувда қизил карточка олган Корб ҳам дисквалификация туфайли бу учрашувда ўйнамайди.

Тахминий таркиблар
Боруссия М: 
Зоммер, Вестергорд, Кристенсен, Эльведи, Вендт, Довуд, Крамер, Траоре, Штиндль, Раффаэль, Азар.
Манчестер Сити: Браво, Санья, Стоунз, Отаменди, Коларов, Фернандиньо, Стерлинг, 
Гўндўған, Сильва, де Брюйне, Агуэро.

Имкониятлар. Ўтган йили Мёнгхенгладбахда кечган учрашувда ҳам «Манчестер Сити» ғалаба билан қайтганди. Бу йил янада кучлироқ кўринаётган «шаҳарликлар» букмекерларнинг ишончига сабаб бўлган. Меҳмонлар ғалабаси учун 1.70-1.80 коэффициентда ставкалар берилган. «Боруссия» ғалабаси эса турли контораларда турлича 4.50-4.80 коэффициентлар оралиғида баҳоланмоқда.