Tribuna.Uz бўлажак ўйинлардан анонслар беришни давом эттиради.

Tribuna.Uz бўлажак ўйинлардан анонслар беришни давом эттиради.

Иккита яққол фаворит плей-офф йўлланмасини нақд қилиб улгурган гуруҳда иккита масала очиқ қолмоқда. Гуруҳ ғолиби ким бўлади? Европа лигаси йўлланмасини ким қўлга киритади? Бу саволларга сўнгги турда жамоаларнинг ўзаро учрашувларида жавоб олишимиз мумкин. 5-тур эса муҳим тур олдидан репетиция вазифасини ўтаб бериши лозим.

Турнир жадвали. «Бавария»ни ўз уйида мағлуб этгани ҳисобига «Атлетико» ҳозирча 100 фоизлик натижа билан гуруҳда етакчилик қилмоқда. «Бавария» ҳисобида 9 очко мавжуд. Аутсайдерлар ПСВ ва «Ростов» Европа лигаси учун курашни давом эттирмоқда.

Ростов – Бавария (22:00, Матч ТВ)
«Ростов» Европа чемпионлар лигасининг ўз уйидаги сўнгги учрашувида деярли иккинчи таркиби билан Россияга ташриф буюрган «Бавария»ни қабул қилади. Келгуси йилда ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритиши амри маҳол бўлган ростовликлар буни ҳис қилган ҳолда ўз уйларидаги сўнгги ЕЧЛ ўйинини муносиб ўтказишга ҳаракат қилишлари лозим. 

Ўйиндан олдин. «Ростов»нинг Россия чемпионатидаги ишлари яхши эмас. Ўтган турларда жамоа кўрсатган ўйин еврокубоклар йўлланмаси учун етарли натижаларни бермаяпти. Бироқ  «Атлетико»га қарши ўйинда жамоа Европанинг энг кучли жамоасига қарши ҳимоядан туриб бўлсада, муносиб қаршилик кўрсата олиши мумкинлигини исботлади ва сал бўлмаса рус клуби Мадриддан очко олиб қайтиши ҳам мумкин эди. «Бавария» ҳам ўз чемпионатида аввалгидек хотиржам бўла олмаяпти. Ўтган турда «Боруссия Д»дан учралган мағлубиятдан кейин Анчелотти шогирдлари йил кашфиёти бўлиб турган «Лейпциг»га пешқадамликни топшириб қўйишди.

Йўқотишлар. Юқорида айтиб ўтилганидек, бу учрашувда «Бавария» кўплаб асосий таркиб футболчилари хизматидан фойдалана олмайди. Роббен, Хави Мартинес, Кингсли Коман ва Артуро Видаль жароҳати боис Россияга учиб келишмаган. Риберининг иштироки ҳам сўроқ остида турибди. Шунингдек, мураббий жамоанинг юлдуз дарвозабони Мануэль Нойер учун ҳам таваккал қилмаган. Нойер эски жароҳатлардан даволаниб олиши учун, Ростовга олиб келинмади. Мезбонлар эса ўзлари учун оптимал таркибда майдонга тушиши кутилмоқда

Тахминий таркиблар
Ростов:
Жанаев, Мевля, Гранат, Навас, Кудряшов, Калачёв, Ерохин, Нобоа, Гацкан, Полоз, Азмун.
Бавария: Ульрайх, Лам, Ҳуммельс, Боатенг, Рафинья, Алаба, Киммих, Алонсо, Тьяго 
Алкантара, Мюллер, Левандовски.

Имкониятлар. Таркибдаги бир қатор йўқотишларга қарамай, букмекерлар «Бавария»нинг имкониятини юқори баҳоламоқда – 1.25-1.30  коэффициент оралиғида. Иван Данильянц шогирдлари ғалабасига эса 12.00дан 14.00гача бўлган коэффициентда қаралмоқда

Атлетико – ПСВ (00:45 Матч! Арена)
Гуруҳни пешқадам сифатида якунлаш учун «Атлетико» бу учрашувда ҳам ғалаба қозониши шарт. ПСВ эса кўпроқ сўнгги тур учрашувини кутишига тўғри келади. Бироқ ўтган йилги 1/8 финалда жамоаларнинг тўқнашувидаги каби ўйин кузатиладиган бўлса, меҳмонлардан ҳам сюрприз кутишга ҳақлимиз.

Ўйиндан олдин. Испания чемпионатининг ўтган турида «Атлетико» азалий рақиби «Реал»га Мадрид дербисида йирик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди. Жамоанинг ўзига келиб олиши учун ҳам ПСВ билан ўйин жуда муҳим. Эйндховен жамоаси эса Нидерландия чемпионати доирасидаги сўнгги икки учрашувда ғалаба қозона олмади. 

Тахминий таркиблар
Атлетико:
Облак, Годин, Филипе Луис, Хуанфран, Хосе Хименес, Коке, Сауль, Карраско, Габи, Гризманн, Фернандо Торрес
ПСВ: Зут, Изима-Мирен, Эктор Морено, Ариас, Шваб, Прёппер, Виллемс, Рамселар, Г.Перейру, Люк Де Йонг, Нарсингх

Имкониятлар. Букмекерлар «Атлетико» ғалабасига тўлиқ ишонмоқда. 1.25-1.30 коэффициентда. ПСВ ғалабаси учун эса 10.00дан 13.00гача бўлган ставкаларни учратиш мумкин.