Эйфель минораси зинасининг бир қисми Париждаги «Аркюрьяль» аукционида ўтказилган савдоларда энг асосий лотлардан бирига айланди. Ташкилотчиларининг хабар беришича, экспонат ўз шахсини ошкор этмаган осиёлик коллекция тўпловчига 523 минг еврога сотилган. 

Гап 1889 йилда Эйфель минорасининг иккинчи ва учинчи қаватлари оралиғида ўрнатилган эски винтли зина бўлаги ҳақида бормоқда. Унинг узунлиги 2,6 метрни ташкил қилиб, қисм 14 зинапояни ўз ичига олади. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, савдолар атиги 20 минг евродан бошланиб, тез орада ярим миллионга етган.

1983 йилда зина хавфсизлик қоидаларига жавоб бермагани туфайли бузиб ташланган эди. Унинг ўрнида эса лифт ўрнатилди. Конструкция 24 қисмга бўлиниб, улардан бирини айни кунларда Эйфель минорасининг биринчи қаватида учратиш мумкин. Яна уч зина бўлаги эса Франциядаги музейларга тақдим этилган. Бошқа қисмлар турли очиқ савдолар вақтида хусусий коллекциячиларга сотиб юборилди.

Бироқ ҳар замонда деталлар савдоларга қайта қўйилмоқда. Масалан, узунлиги 2,7 метр бўлган бўлак 2009 йилги очиқ савдода сотиб юборилди. Унинг қиймати 550 минг еврони ташкил этган. 2013 йилда эса Париждаги савдоларда яна бир қисм сотувга қўйилди. У 19 зинапоядан иборат бўлиб, якуний нархи анча камроқ - 220 минг еврони ташкил қилди.