Ғарб мамлакатлари сўнгги йилларда, ҳамкорликдан воз кечиб, Россиядан, гарчи у реал таҳдид ҳисобланмаса-да, "виртуал душман" ясаб олишди. Франция ўнг марказчилар праймеризининг биринчи турида ғалаба қозонган, республиканинг собиқ бош вазири  Франсуа Фийон шундай фикрни илгари сурди

Унинг қайд этишича, Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги таранглашувига Барак Обама Оқ уйга келганидан сўнг, Россия-Америка муносабатларини кучайтиришга самарасиз уриниш сабаб бўлган. 

"Барак Обама, ёдингизда бўлса, муносабатларни "кучайтириш" стратегиясини илгари сурди, у Россия билан муносабатларни яхшилашни кўзда тутар эди. Бироқ, кейинчалик, ҳаммаси барбод бўлди, Россиядан яна душман ясашди. У фикримча, виртуал душмандир, чунки Россия, менинг ишончим комилки, Европа рақиби ҳисобланмайди", - деган Фийон "Европа-1" радиостанцияси эфирида.

Унинг айтишича, Ғарбда Россия президенти Владимир Путинга нисбатан уюштирилаётган ахборот хуружлари ҳам Россия билан муносабатлар нуқтаиназаридан баҳоланганда, маънисиздир. 

"Россияни ким бошқарганидан қатъиназар, у дунёнинг ҳудудий жиҳатдан энг йирик давлати, Россияда Европа маданияти чуқур илдиз отган, у улкан табиий бойликларга эга. Ва у ядро қуролига эгалиги ҳамда демократияни ҳеч қачон тушунмагани билан хавфлидир. Савол эса қуйидагича қўйилиши керак: биз Россияни барқарорлаштириб, уни Европада мустаҳкамлашга уринамизми, ёки уни қамал қилиб, фитнага солиб, Осиё томон йўналтирамизми? Аслида, Осиё Европанинг асл муаммосидир. Чунки, таҳдидлар ўрта ва узоқ истиқболда Россиядан чиқмайди, у иқтисодий ёки молиявий таҳдид бўла олмайди, балки Хитой хавотирлар уйғотиши лозим", - деган фикрни билдирган сиёсатчи. 

Франция ўнг марказчилари томонидан ўтказилган праймеризнинг биринчи тури 20 ноябрда ташкил этилган эди. Унда собиқ бош вазир Франсуа Фийон 44,1 фоиз овоз тўплаб етакчилик қилди. 28,5 фоизлик натижа билан Бордо шаҳри ҳокими Ален Жюппе иккинчи бўлган. Собиқ президент Николя Саркози 20,6 фоиз овоз тўплаб иккинчи тур масаласини ижобий ҳал қила олмади. 27 ноябрда Франция мухолифати яна бир овоз беришни ўтказади. 

2017 йил апрель-май ойларида Франция президентлиги учун сайловлар бўлиб ўтади. Ҳозирги тахминларга кўра, ўнг марказчиларнинг праймеризларида аниқланадиган номзод, давлат раҳбарлиги учун ўтказиладиган якуний овоз бериш жараёнида ғалаба қозониши мумкин.