2016 йилги "Формула-1" пойгасининг чемпионлик унвони учун Абу-Дабида ўтадиган ҳал қилувчи пойгаси арафасида McLaren жамоаси пойгачиси Женсон Баттон ўзининг юртдоши, пойга етакчиларидан бири Льюис Хэмилтонга антиқа таклиф билдирди.

Таклифга кўра, Абу-Дабидаги пойга фаолиятида охиргиси бўладиган 36 ёшли Баттон пойга вақтида пойга етакчиси, немис Нико Росберг болидига бориб урилиши мумкинлигини айтган. Баттон бу "номардилиги" учун Хэмилтондан "хизмат ҳақи" сўраган.

"Льюис жуда бадавлат, у хусусий самолётда учади. Фикримча, у ўзига бундай сарф-харажат қилишга ижозат бера олади", деб айтган пойга фахрийларидан бири ва 2009 йилги жаҳон чемпиони Баттон GQ’га берган интервьюсида.

Баттон бу хизмати қанча туришини маълум қилмаган.

Эслатиб ўтамиз, пойганинг охирги босқичи олдидан Росберг етакчилик қилмоқда ва ўзининг жамоадоши, 2-ўринда бораётган Льюис Хэмилтондан 12 очко олдинда бормоқда. Росберг мавсум ғолиби бўлиши учун бўлғуси пойгада маррага учинчи бўлиб келиши кифоя қилади. Пойганинг аксарият босқичларида айнан шу икки пойгачи биринчи ва иккинчи ўринларни галма-гал эгаллаб келишган.