Экшн-камер ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи GoPro компанияси GoPro Awards сериясидан янги видеони чоп этди. Видеода дрэгстер (дрэг пойгачиси) бернаути намойиш қилинган. Видео муаллифи пул мукофоти олган.

Бернаут дрэг пойгалар олдидан покришкаларнинг йўл билан яхшироқ илашиши ва машинани барқарорроқ бошқариш учун қўлланадиган усул. Бунда машина бир жойда турганда покришкалари айлантирилади ва уларнинг асфальтга ишқаланиши оқибатида покришка резинаси тутун ҳосил бўлганча қизийди. 

GoPro Awards танловида исталган одам иштирок этиши мумкин. Бунда биргина шарт шуки, GoPro камерасидан фойдаланиш талаб этилади. Компания махсус интернет-саҳифада рўйхатдан ўтган фойдаланувчилардан фото ва видеоматериаллар қабул қилади, сўнгра компания ходимлари улардан энг қизиқларини танлаб олишади.

Компания энг яхши ишларни ўзининг интернетдаги саҳифалари орқали илгари суради ва уларнинг муаллифларини пул билан мукофотлайди.

Алангаланиш билан кечган бернаут видеосини Дэйв Нельсон тасвирга олган. У алангаланувчи қоришма сифатида бензиндан фойдаланган. Машинанинг ғилдираклари олдиндан бензинга ҳўллаб олинган. Суратга олиш Буюк Британиядаги Santa Pod Raceway автодромида бўлиб ўтган, хавфсизликни таъминлаш учун воқеа жойида ўт ўчириш бригадаси бўлган. 

Нельсоннинг маълум қилишича, у бу трюкни олтинчи маротаба бажармоқда. Машинанинг бунда талофат кўрган ягона қисми тормоз парашюти бўлган. Яқин орада Нельсон ёнаётган ғилдираклар билан бернаутни тунги пайт суратга олмоқчи.