Бу сафарги Истанбул саёҳатим буюк саҳобий Абу Айюб ал-Ансорий мақбарасини зиёрат этишдан бошланди. Менимча, Шарқу Ғарбнинг жавоҳир шаҳри Истанбулнинг юраги Айюб тумани бўлса керак. Абу Айюб ал-Ансорий мажмуаси атрофида ҳар қадам масжид, ҳар қадам мозор. Маҳаллий аҳоли энг кўп ташриф буюрадиган зиёратгоҳ ҳам айнан шу. Ўзгача файзи бор бу ернинг. Бу ҳақда блогер Давронбек Тожиалиев “Фейсбук”даги ўз саҳифасида ёзмоқда.

Айюб Султон жомеъ масжиди Истамбул фатҳидан сўнг қурилган илк катта жомеъ масжидидир (1558). 

Айюб Султон жомеъ масжиди

Истанбулда саҳобаларга оид 29 та зиёратгоҳ мавжуд бўлиб, уларнинг 2 таси мозор (ҳақиқий қабри шу ерда жойлашган), қолганлари мақомдир (яъни, шу ерда вафот этгани шубҳали). 

Истанбул тупроқларига саҳобалар фатҳ мақсадида илк марта ҳижрий 48 йили (мелодий 668) келишган. Тарихий маълумотларга қараганда, бу қўшин таркибида 63 саҳоба ҳам бор эди. Улар орасида Абу Айюб ал-Ансорий, Абу Шайба ал-Худрий, Фазола ибн Убайд ал-Ансорий, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Зубайр каби машҳур саҳобалар ҳам бор эди. Энг шиддатли жанглар Айвонсарой-Эдирнекапи орасида бўлган. Абу Айюб ал-Ансорий васиятига кўра, Константинополь деворлари остига дафн этилган. 

Сулаймония жомеъ масжиди хонақоси

Доктор Меҳмет Эфендиўғли “Саҳобалар даври Истанбул сафарлари” илмий ишида баён этишича, Истанбулда фақатгина 2 саҳобанинг (Абу Айюб ал-Ансорий ва Пайғамбаримизнинг с.а.в. сут қардошларидан Абу Шайба ал-Худрий) қабри мавжуд. 

Истанбул тепаликларда жойлашган. Ҳар тепага муҳташам масжидлар барпо қилинган. Сулаймония (Султон Сулаймон Қонуний буйруғи билан меъмор Синон томонидан 1550-1557 йилларда барпо қилинган), Фотиҳ (Истанбул фотиҳи Султон Муҳаммад Фотиҳ томонидан 1462-1470 йилларда қурдирилган), Эминўнудаги Волида Султон (Мурод III нинг завжаси София Султон буйруғи билан бошланган, 1597-1665 йилларда қуриб битказилган), Султон Аҳмад (Султон Аҳмад томонидан 1609-1617 йиллари қурдирилган), Аясофия (1453-1930 йилларда масжид сифатида фойдаланилган) жомеъ масжидлари эски Истанбулнинг энг гўзал архитектура намуналаридандир. Жомеъга кириб, бинонинг нақшу нигорлари, муҳташам устунлари-ю гумбазларини томоша қиланкансиз, беихтиёр, дўппингиз ерга тушиб кетиши табиий.

Султон Аҳмад жоме масжид

Истанбул – азонлар шаҳри. Бу ерда “нажотга келинглар!” калимасини эшитмай қолишнинг имкони йўқ. Ҳар намоз учун азон бир-бирига уланиб, 10 дақиқагача Истанбул ҳавоси илоҳий нидога тўлади. Бу ерда муаззинлар ҳам махсус ўқитилиб, Диёнат ишлари бошқонлиги томонидан тайинланади. Катта масжидларга тажрибали, овози ширали муаззинлар қўйилади. Бир-бирига туташ масжидлар муаззинлари келишиб олиб, навбат билан азон айтадилар. 

Тарихий Аясофия масжидининг бир қисми ҳам ибодат учун 2016 йилнинг октябрь ойида қайта очилди. Султон Аҳмад ва Аясофия масжидлари муаззинлари ҳам азон калималарини навбатлашиб айтишаркан. Султон Аҳмад муаззини “Аллоҳу акбар. Аллоҳу акбар” деб нидо қилади, кутиб туради. Аясофия муаззини ҳам бу калималарни айтгандан сўнг, Султон Аҳмад муаззини шу тарзда давом эттиради. Жуда гўзал манзара, ғоят фараҳбахш ҳолат.

Сулаймония жоме масжиди 

Диёнат ишлари бошқонлиги маълумотига кўра (31.12.2015), Истанбул вилоятида 3317 та масжид фаолият юритмоқда. Туркия бўйича масжидлар сони 86 762 тадир.

Сулаймония жоме масжиди
Аясофия жомеъ масжиди
Айюб Султон жомеъ масжиди
Айюб Султон жомеъ масжиди гумбази