ЖЧ-2018 саралашида Ўзбекистон терма жамоаси билан А гуруҳидан жой олган Қатар терма жамоаси бош мураббийи Хорхе Фоссати маълум қилдики, агар Қатар футбол федерацияси (QFA) миллий терма жамоага хорижий футболчиларни натураллаштиришга тақиқ қўлласа, ўз лавозимини тарк этади.

Ундан олдинроқ QFA маҳаллий футболчилар манфаатлари учун хорижлик футболчиларни терма жамоага жалб этишни тўхтатиш варианти кўриб чиқилиши ҳақида маълум қилганди.

«Мен футболчиларни натураллаштиришни бас қилиш режаси ҳақида эшитдим. Мен бунга мутлақо қаршиман. Агар федерация шу йўналишдан кетишни истаса, мен уларнинг қарорини ҳурмат қилган ҳолда Қатар терма жамоасига янги бош мураббий излашни таклиф қиламан», — дея Фоссатининг сўзларини келтирган L’Equipe.

ЖЧ-2018 саралаши доирасида Хитойга қарши кечган ўйинда Қатар терма жамоаси сафида натураллаштирилган 6 нафар футболчи иштирок этди.

Қатар терма жамоаси айни вақтда гуруҳдаги 6 терма жамоа ичида 5-ўринни эгаллаб турибди.

Қайд этиш керакки, бу давлатда 2022 йилги жаҳон чемпионати ўтказилиши белгиланган.