КХДР АҚШга республика ва унинг раҳбари Ким Чен Инга «тажовузкор ядро таҳдидлари»ни тўхтатишни талаб қилиб хат жўнатди. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги (КМТА) хабар берган.

Тўққиз саҳифадан иборат бўлган номада амалдаги АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти Шимолий Корея раҳбарини «йўқ қилиш» учун барча ҳаракатни амалга ошираётгани таъкидланган. АҚШ КХДРни йирик ҳарбий манёврлар ва ядро зарбаларини бериш имкони билан қўрқитмоқда, деб қўшимча қилади КМТА. Шунингдек, республикага қарши санкцияларнинг салбий ўрни ҳам таъкидлаб ўтилган.

Sun газетасининг таъкидлашича, ҳужжатда америкалик президентни «доимий равишда КХДРга туҳмат ва танқид ёғдириши», шунингдек унинг ҳукумати «тажовузкор ва ёқимсиз бўғадиган стратегия»га амал қилиши ҳақида ҳам айбловлар бор.