Россия, Қозоғистон, Озарбойжон, Ўзбекистон, Украина, Туркманистон, Тожикистон, Белоруссия, Арманистон, Қирғизистон ва Молдова давлатларининг хусусий сармоядорлари сўнгги уч йилда Дубайда 3,8 миллиард долларлик кўчмас мулк харид қилган. Бу ҳақда, шаҳар амирлиги ер департаменти ахборотномасига асосланган ҳолда РИА “Новости” хабар қилмоқда

Умуман, Дубай шаҳридаги кўчмас мулкка юқоридаги мамлакатлардан келган 6 мингга яқин инсон сармоя киритган, дея аниқлик киритилади хабарда. 

Дубай ер департаменти сармоялар бўлими вакили Мажид Али Рашиднинг сўзларига кўра, "рус тилида сўзлашувчи мамлакатлар фуқаролари томонидан Дубай кўчмас мулкига талаб ошаётгани кузатилмоқда". Шу муносабат билан, улар билан мулоқот қилиш мақсадида махсус хизмат жорий қилиш режалаштирилмоқда. 

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) — собиқ СССР республикаларининг аксарияти иштирокида ташкил этилган давлатлараро бирлашмадир. У 1991 йил 8 декабрда Белоруссия, Россия Федерацияси ва Украина томонидан ташкил этилган. Бугунги кунда унинг таркибига Россия, Қозоғистон, Озарбойжон, Ўзбекистон, Украина, Туркманистон, Тожикистон, Белоруссия, Арманистон, Қирғизистон ва Молдова давлатлари киради.