Креатив ахборот муҳити

Миллий ахборот хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини ҳал этишни бугуннинг энг долзарб вазифаси, деб ҳисоблаймиз. Ривожланган миллий ахборот макони — мустаҳкам тараққиёт пойдевори эканлигини ҳисобга олиб, унинг изчиллик билан такомиллашувига эришиш лозим.

Ёшларнинг камолотига хизмат қиладиган креатив ахборот муҳитини, самарали ахборот-таълим маконини яратиш, болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий-ахлоқий ривожланишига зарар етказадиган ахборотлардан муҳофаза қилишга барча куч ва имкониятларни сафарбар этамиз. Бундан ташқари, ижтимоий онгда миллий ғоя шаклланиши ва ривожланиши жараёнларини ахборот жиҳатидан таъминлашни янада кучайтириш олдимизда турган долзарб ­вазифадир.

Фарзандлари соғлом ва баркамол юрт қудратли бўлур

“Дунёда ҳеч бир нарса мамлакатни, миллатни спортчалик дунёга тез танитмайди, машҳур қила олмайди” тамойили асосида спортнинг барча турлари, айниқса, Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олган ҳамда миллий турларини ҳар ­томонлама қўллаб-қувватлаш ­етакчи вазифамиздир.

Биз миллий қадриятларимиз, матонат, жасорат, ватанпарварлик ва инсонпарварлик асосларини ўзида ёрқин мужассам этган ва бугун дунёнинг 130 га яқин мамлакатида кураш федерациялари ташкил этилганлигини ҳисобга олиб, ўзбек курашини Олимпия ўйинлари қаторига киритиш мақсадида халқаро Кураш федера­цияси, Халқаро ва миллий Олимпия қўмитаси билан алоқани ҳар тарафлама мустаҳкамлашни бу борадаги энг асосий вазифамиз, деб биламиз. Биз ўзбек курашининг Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олиши учун бор куч ва имкониятимизни сафарбар этиб, бу улуғвор мақсад учун охиригача ­курашамиз.

Миллий манфаатлар ҳар нарсадан устун

Ташқи сиёсат соҳасида биз Ўзбекистоннинг тинчликсевар ­сиёсати ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслигини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон Республикаси фаол ташқи сиёсатининг асосий мақсад ва вазифаларини бугунги мураккаб шароитда, минтақада хавфсизликка ва ­барқарорликка таҳдидлар сақланиб қолаётган бир вазиятда амалга оширмоқда, деб ҳисоблаймиз.

Ўзбекистон халқининг маданияти ва санъати ютуқларини кенг ­миқёсда тарғиб этиб, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий ­имижини ҳар томонлама мустаҳкамлаб боришимиз зарур.

Инсоният тамаддунининг қадимги трансчегаравий йўналиши бўлган Шарқ ва Ғарбни бирлаштирувчи, иқтисодий, сиёсий ва маданий-инсонпарварлик соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини институционал мустаҳкамлаш ва кенгайтиришда муҳим ўрин тутадиган Буюк Ипак йўлини қайта тиклаш, кучли “Буюк Ипак йўли” брендини илгари сурамиз.

Азиз дўстлар!

Бизнинг асосий ғоямиз — ­Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлаш орқали иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатлари, халқимиз фаровонлиги ва мамлакатимизнинг бундан буён ҳам гуллаб-яшнашига бор куч-қудратимизни ­бағишлаш орқали жонажон Ўзбекистонимизнинг миллий манфаатлари йўлида фидокорона хизмат қилишдир.

Биз учун ягона ва устувор мақсад, бу — Ўзбекистон манфаати ва яна бир бор Ўзбе­кистон манфаатидир.

Реклама ҳуқуқи асосида