Норвегияда треска, балиқчилик қайиғи ва балиқ овлаш тўри тасвири қиймати 200 крона бўлган янги пул купюрасига туширилиши мумкин. Тhe Independent Barentsobserver нашри хабарига кўра, бундай купюраларни келаётган баҳор ойларида чиқариш режалаштирилган.

“Юз йиллар давомида балиқ овлаш Норвегия қирғоқларида пул топишнинг асосий манбаи ва маданиятнинг ажралмас бир қисми бўлиб келган”, – дея келтиради нашр Норвегия Марказий банкининг янги купюралар ҳақидаги мулоҳазасини. 

Банкнотанинг тескари тарафида балиқчилик қайиғи, балиқ овлаш тўри ва тўлқинлардаги навигацион белги тасвирланади.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, норвегияликлар балиқчилик ва денгиз маҳсулотларига алоҳида муносабатда бўлишади. Айнан балиқ билан бой сувларни қидириш кўчманчиларни ҳозирги Норвегия соҳилларига 11 минг йил аввал келиб қолишига туртки берган.

“Треска бугун ҳам давлат иқтисодиёти учун ўта муҳим ўрин тутувчи маҳсулотдир”, дея таъкидланади нашрда.

Хабар қилинишича, давлат статистикаси маълумотларига кўра, ўтган йили Норвегия 7,9 млрд кроналик (873 млн. евро) трескани экспорт қилган.