Афсонавий боксчи Руфат Рисқиев кома ҳолатида эмас. Унинг оила аъзоларидан бирининг «Кун.uz» таҳририятига маълум қилишича, у оғир аҳволда эмас.

Аниқлик киритилишича, собиқ боксчи 20 ноябрь куни қон босими кўтарилиб, шифохонага тушиб қолган. Айни вақтда унинг аҳволи барқарорлашган.

Бундан олдинроқ маҳаллий нашрлар Руфат Рисқиев комада экани ҳақида хабарлар тарқатганди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг сентябрь ойи охирида Тошкент шаҳридаги 16-шифохонада шифокорлар веналар тромбозининг оғирлашиши сабабли Руфат Рисқиевнинг ўнг оёқ тиззасидан пастини кесиб ташлаш учун жарроҳлик амалиётини ўтказишганди.

2 октябрь куни 67 ёшни қаршилаган Руфат Рисқиев 1974 йилда Гаванада ўтказилган жаҳон чемпионатида 75 кг вазн тоифасида ғолиб бўлишга эришган. У 1976 йилги Монреал Олимпиада ўйинлари Кумуш медали совриндори, қатор халқаро турнирлар ғолиби, Куба Очиқ чемпионатининг икки карра чемпиони ҳисобланади. АҚШ, Куба, Австрия, Югославия, Испанияда ўтказилган халқаро турнирлар ғолиби. Марказий Осиёдаги илк халқаро тоифадаги профессионал бокс ҳаками. “Ҳурмат Белгиси”, “Буюк хизматлари учун”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари кавалери. Яқин ўтмишда – Ўзбекистон Профессионал бокс федерациясининг вице-президенти, айни пайтда – оддий пенсионер.