MedicalXpress нашри маълум қилишича, сингапурлик тадқиқотчилар гуруҳи махсус технология ёрдамида сичқон териси ҳужайраларини шундай "трансформация" қилишганки, у қон ҳужайраларига айланган. Бундай тажрибалар аввал ҳам ўтказилган, бироқ бу синовлар вақтида бундай ҳужайраларнинг фаолият кўрсатиши бир неча кундан ошмаган.

Тадқиқот муаллифлари ҳужайраларни "трансформация қилиш" технологиясини қуйидагича тушунтирганлар: маълумки, тери функциялари ва тузилиши бўйича турлича бўлган катта сондаги ҳужайралардан иборат. Бу ҳужайралар ташқи муҳит шароитларига мослашувчанликнинг юқори даражасига эга. Олимлар тери ҳужайраларини қон ҳужайралари таъсирланадиган омиллар таъсирига учратишган. Натижада эпидермис ўсиш қатламининг ҳужайралари ўзгариб, қон ҳужайралари функцияларини бажаришни бошлаган.

Айни вақтда сичқонларда синов ўтказиш ишлари якунланган ва олимлар энди одамларда тажрибалар ўтказишмоқчи. Бу йўл билан олинган қон ҳужайралари бир марта танага киритилгандан кейин реакциялар келтириб чиқармаган ва 2 ҳафтадан кўпроқ фаолият юритган. Тадқиқот тикланувчи тиббиёт масалалари билан шуғулланувчи доктор Ченг Хуэй бошчилигида ўтказилган. Унинг айтишича, агар тажрибалар муваффақиятли ўтса, бу қон қуйишга эҳтиёж сезувчи беморларнинг ҳаётини енгиллаштириши мумкин. Мисол учун, иммун бузилишлардан азият чекувчи одамларга, жарроҳлик операциялари вақтида, хафақонликнинг оғир шаклларидан ва саратон касаллигининг авж олиб кетган жараёнидан азият чекувчилар учун катта миқдорда донорлик қони зарур бўлади.

Бу тажриба ҳужайраларни "трансформация қилиш" бўйича биринчиси эмас. Аввалроқ АҚШлик олимлар шу йўл билан сичқон туҳум ҳужайраларини олишган. Бу ҳужайралар уруғлантирилганда улардан соғлом насл олинган.