Berkshire Hathaway холдинг компанияси эгаси, дунёнинг энг бой одамларидан бири  Уоррен Баффеттнинг бойлиги АҚШ президентлиги сайловларида Дональд Трамп ғолиб бўлгандан кейин 11 млрд долларга кўпайди, деб хабар бермоқда CNBC.

Бу биринчи навбатда молиявий активлар акциялари нархининг ошиши ҳисобига юз берган. АҚШ банклари акциялари нархи ошмоқда, чунки бозор Федерал захира тизимининг таянч фоиз ставкасини оширишга ваъдаси билан умидлантирилган. KBW 
Nasdaq банк индексига кўра, Трамп ғалабасидан кейин АҚШ банклари акциялари 13,5 фоизга ошган.

9 ноябрдан Berkshire Hathaway портфелига кирувчи молиявий компаниялар активлари Баффетга 4,3 млрд доллар келтирган. Миллиардернинг ўз ихтиёрида бўлган акциялар унга яна 3,8 млрд доллар келтирган.  

Бундан ташқари, Баффет томонидан 2011 йилда сотиб олинган варрантлар унга Bank of America банкининг 700 млн та акциясини 7,14 доллардан сотиб олиш ҳуқуқини беради. Бу банк акциялари 15 фоизга ошган, бунинг натижасида эса Баффет яна 3 млрд доллар фойда кўрган.

Трамп ғалабасидан кейин энг бадавлат одамлар рўйхатида 4-поғонага тушиб кетган Баффет Zara асосчиси Амансио Ортега ва Amazon.com асосчиси Жефф Безосдан ўтиб кетиб, яна 2-ўринга кўтарилиб олган. Баффетнинг ўзи президентлик пойгаси давомида Хиллари Клинтон номзодини қўллаб-қувватлаганди.