Туркия ҳарбий ҳаво кучлари самолётлари “Ислом давлати” террорчилик гуруҳининг Сурия шимолидаги позицияларига 90 дан ортиқ зарбалар берди. Бу ҳақда Anadolu агентлиги мамлакат Бош қўмондонлигига таянган ҳолда хабар бермоқда.
Ҳужум натижасида террорчиларнинг қўмондон пунктлари, қурол-яроғ омборлари, мустаҳкамланган жойлар ва транспорт воситалари йўқ қилинди.

Хабарда таъкидланишича, турк учувчисиз бошқариладиган ускуналари Сурия билан чегара бўйлаб махсус қидирув парвозларини давом эттирмоқда. 

Туркия президенти Ражад Эрдўғон Анқара томонидан қўллаб-қувватланаётган Сурия озодлик армияси (СОА) “Ислом давлати” аъзолари томонидан ушлаб турилган Ал-Боб шаҳрини қамал қилишни бошлагани ҳақида маълум қилди.

Эрдўғоннинг сўзларига кўра, СОА бўлинмалари қурд қуролланган қисмлари назоратида бўлган Манбиж шаҳрига ҳужум қилиш мақсадида ҳарбий амалиётга тайёргарлик кўриладиган майдонларни ҳам эгаллашган.
Туркия раҳбари эса террорчилар билан алоқада деб гумон қилувчи қурдларни шаҳарни тарк этишга чақирди.  

Эслатиб ўтамиз, 24 августдан бошлаб Туркия қуролли кучлари Сурия озодлик армияси (СОА) жангчилари билан биргаликда “Евфрат қалқони” амалиётини ўтказмоқда. Унинг асосий мақсади – чегарага яқин ҳудудларни ИД экстремистлари ва қурд қўзғолончиларидан озод қилиш, шунингдек бу туманларда хавфсизлик зоналари яратишдан иборат. Октябрда турк ҳарбийлари 1,24 минг квадрат километрлик ҳудудни экстремистлардан озод қилгани ҳақида хабар берган.

Расмий Дамашқ эса Анқара томонидан ўтказилаётган операция Сурия суверенитетини бузаётгани ҳақида маълум қилди.