Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида олий таълим тизимини янги сифат босқичига кўтариш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Мустақиллик йилларида олий ўқув юртлари сони 37 тадан 81 тага ўсди, шу жумладан, хорижий мамлакатлар нуфузли олий ўқув юртларининг бир қатор филиаллари фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда таълим-тарбия соҳасига ҳар йили сарфланаётган харажатлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 10-12 фоизни ташкил этмоқда.

Бу ЮНЕСКОнинг мамлакатни барқарор ривожлантиришни таъминлаш учун таълимга йўналтирилиши зарур бўлган инвестициялар миқдори бўйича тегишли тавсияларидан, яъни 6-7 фоиздан қарийб 2 баробар кўпдир. 

Биргина шу йилнинг ўзида Молия вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармаси зарур инфратузилмани янада ривожлантириш мақсадлари учун 355,6 миллиард сўм маблағ ажратган бўлиб, улар ҳисобидан 14 та олий ўқув юртининг капитал таъмирланиши кўзда тутилмоқда. Хусусан, 22 065 ўқувчи ўринга эга бўлган 30 та ўқув бинолари, 3 560 ўринга эга бўлган 12 та талабалар турар жойлари, 5 та спорт иншоотлари, 3 та талабалар ошхонаси, 2 та Ахборот ресурс марказлари, 1 та маданият саройини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Шу йилнинг тўққиз ойи ичида ушбу олий таълим муассасалари объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш учун 201,3 миллиард сўм йўналтирилди. 

Соҳадаги навбатдаги вазифа сифатида партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловолди дастурида илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, унинг нафақат давр билан ҳамоҳанг бўлишини, балки замондан олдинда юришини таъминлаш, педагог кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг илғор усулларидан кенг фойдаланиш, бу ишларни хориждаги нуфузли марказлар билан ҳамкорликда олиб бориш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш бўйича бир қатор ғоялар илгари сурилади. 

Хусусан, 2017-2021 йилларда Олий ўқув юртлари тизимини янада ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилмоқда. Элим деб, юртим деб ёниб яшаётган, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида фаол иштирок этиб келаётган ҳар бир юртимиз фуқаросини президентлик сайловларида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзоди Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирамиз.