Зимбабвенинг биринчи рақамли хоними Грейс Мугабе ҳукуматдаги юқори лавозимларга даъвогарлик қилишига ҳожат йўқ, деб ҳисоблайди. Зеро у шундоқ ҳам эри билан бирга давлат бошқарувига оид масалаларни ҳал қилади. У Машоналэнд уэст провинцияси аёллар лигаси билан бўлган учрашувда шу ҳақида маълум қилди

"Мен президентнинг турмуш ўртоғиман, демак давлат раҳбариман. Барча ишларни ўзим режалаштираман ва президент билан бирга амалга ошираман, бундан ортиқ яна нима керак?!", - дея биринчи хонимнинг сўзларини келтиради News Day.

51 ёшли Грейс Мугабе ҳукмрон ЗАНУ-ПФ аёллар лигасини бошқариб келади. Сўнгги пайтларда унинг вице-президент бўлиш истагида эканлигига доир хабарлар пайдо бўлди. ОАВга кўра, шундан кейин у 92 ёшли эри Роберт Мугабенинг ўрнини эгаллаши мумкин. Кузатувчилар Грейс ва биринчи вице-президент Эммерсон Мнангагвуни дунёнинг энг кекса давлат раҳбари ўрнига асосий номзод деб ҳисоблашмоқда. 

Мугабенинг ўзи ҳукмрон партияда келгуси президент номзодлиги учун кураш кетаётганлигидан хабардор. "Менинг ўлимимни кутаётган ва нима учун ҳали-ҳануз тириклигим эканлигимга ажабланадиган одамлар бор эканлигини яхши биламан. Парвардигор мени ҳали чақирмаган бўлса, нима учун ўлишим керак экан?", - дейди президент. 

Президент ўз лавозимини тарк этадиган вақт келганда бу ишни муносиб амалга оширишини таъкидлади. Бироқ Жанубий Африка етакчиси тафсилотларга берилмади. 

Зибмабвени 1980 йилдан буён бошқариб келаётган Мугабе бир неча маротаба давлатни 100 ёшгача бошқариш нияти борлигини билдирган. Конституция унга яна бир муддатга сайланиш ҳуқуқини беради, шундай бўлган тақдирда, у 2018 йилда президент лавозимига қайта сайланиб, Зибмабвени 99 ёшгача бошқариши мумкин.